ТУРКИЯНИНГ МОНОЛОГИ Рукн: Янгиликлар » ЕВРОПА (Адабиётнинг нозик қирраларини тушунувчи ва ардоқловчи мухлисларга мўлжалланган. Маъжозий тушунчаларни идрок қилмайдиган ва фактлардан ташкил топган, оддий, жўн ҳамда хабар маъносидаги мақолаларни суйиб мутолаа қилгувчи мухлисларга тавсия этилмайди!) Менинг исмим Туркия! Бугун ҳамма мени олқишлаётган ва ўйинларимга ҳайрат ила нигоҳ ташлаётган пайтда, сиз азизлар билан суҳбатлашгим келиб қолди. Сирру асрорларим ҳақида, шохсупагача босиб ўтилган оғир ва машаққатли йўлларни эслагим келди. Азиз Несин деган ажойиб ёзувчи футболни ҳаётга ўхшатганида кулиб қўйгандим, “жуда унчалик бўлмаса кераг-ов”, деб. Ёзувчи халқи ё билиб айтади бунақа буюк гапларни, ёки буюк ишлар одатда уларнинг ёзганларига мувофиқ келиб қолади. Қайси бири бўлганида ҳам, Несиннинг муқояси анча тўғри экан. Футбол ҳаётга ўхшар экан, ҳаётнинг ҳар бир сонияси, ундаги турли-туман ходисалардан нусҳа қилиб кўчириб олинган экан тўқсон дақиқалик ЎЙИН! Гапни чўзиб ўтирмай-да, бошимдан ўтган воқеаларни бирма-бир айтиб берай. Ёлғонсиз, чиройли ўхшатмаларсиз ва қўшимча безакларсиз! Футбол деб аталмиш жозибали ўйинга кириб келишим жуда қийин бўлган. Йўқ, йўқ, сиз бу гапни у қадар тушунмаган бўлсангиз керак?! Мен ҳақиқий футбол ўйнашни тушунимга қадар кўп қийналганман, демоқчиман, холос. 20-аср футболида менга деярли насиба бўлмаган. Европа минтақасида ўйнаганим учун ҳам бу томонларда кўпгина жамоалардан зарба еганман. Футболнинг мантиғини, умуман спортнинг ва ҳаётнинг энг нозик моҳиятини англаб етишим учун бир аср кетди, деяверинг. Бу мантиқ ва моҳиятнинг туб мағзини сиз азизлар учун ҳикоям охирида айтиб бераман, ҳозир эса босиб ўтилган йўлим ҳақида сўзлаб бераман. Йигирманчи асрнинг охирига келиб, жаҳон спортида рўй берган ҳолатларни диққатлик ила тахлил қилиб кўрдим. Ҳаммасида катта-катта ғолибликлар, муваффақиятлар нимагадир асосан ўйиннинг сўнгги сонияларида содир бўлганини тушуниб етдим. Баскетбол оламидан тортиб, хоккейдаги энг ҳаяжонли онлар ҳам сўнгги сонияларда қўлга киритилган ғалабаларга бориб тақалишини кузатдим. Футбол ҳам шунақа дақиқаларни кўп бошидан ўтказганини билиб олдим. Тадқиқотларим натижасида яна шуни англадимки, ўйиннинг охирги дақиқаларида хал бўладиган баҳслар мухлислар ёдида узоқ сақланиб қолар экан. Нега шунақа, деган саволга жавоб топа олмай узоқ ўйланиб юрдим. Охири топдим. Мухлислар ўйлашадики, буюк жамоалар ўзларининг буюк ишларини амалга ошириш асносида охирги дақиқаларга қадар кураш олиб боришади. Кучли жамоанинггина сўнгги сонияларгача кучи сақланиб қолади ва натижада ғолибликни юлиб кетади. Бу – мухлисларнинг фикри! Менинг тадқиқотим бошқа хулосани берди. Маълум бўлишича, инсоннинг руҳий олами жисмониятини бошқаради. Мухлислар ўйлаганидек, кучли кишининг ғалабаси ўз кучини сақлаб қолгани ва охирида рақибига қараганда уни кўпроқ ишга солгани учун эмас, балки асосий зарбани охирида бергани учун рўй беради. Италия, Германия, Франция, Бразилия ва Аргентина терма жамоаларининг энг катта ютуғи ҳам шунда бўлган. Англия, Португалия, Испания, Голландия ва шунга ўхшаш ҳаддан ташқари гўзал футбол намойиш этадиган жамоаларнинг камчилиги ҳам шунда. Улар ўйин жозибасига кўпроқ эътибор қаратишади, аммо инсон руҳиятини яхши ўрганган айёр рақибларидан ҳамиша енгилишади. Бу юртларда “оламни гўзаллик қутқаради!” деган ажиб шиор хукмронлик қилади. Аммо юқорида номлари зикр этилган “сўнгги сониячи” юртларда эса “охиридаги матонат ҳақиқий гўзалликдир” деган шиорни кўтариб юришади. Бир-бирига жуда яқин бу иборалар аслида кўпгина тафовутларни юзага келтиради. Мен шуларни роса тахлил қилиб чиқдим. Ўйлаб қарасам, Голландия сингари учар йигитларим йўқ экан – бу услубдан юз ўгирдим! Синчиклаб кузатсам, йигитларим ичида испанларга, инглизларга ўхшаган антиқа ўйин кўрсатадиганлар кам экан – бу йўлни ҳам тарк айладим. Бразилиялик “афсунгарлар” ҳаракатига йўлаб ҳам кўрмадим, барибир фойдаси йўқ. Аргентина футболидан андоза олишга киришган эдим, Марадона ҳамма ерда туғилмаслигини фахмлаб қолдим. Португалия футболининг жозибаси ҳам мен танлаган услубга мутлақо тушмас эди. Франциянинг муваффақиятлари асосан Платини ва Зидан аталмиш юлдузлар зиммасида эканлигидан, бу юрт футболига унча ошиқмадим. Чунки асли француз бўлмаган йигитларига суянадиган мамлакатдан кўп нарса умид қилмаса ҳам бўлаверарди. Хуллас, олдимда Италия ва Германия футолини қунт билан ўрганишдан бошқа чора қолмади. Аввалига уларнинг услубини ўзимга жо этаётганимда ўзимни довдирга солиб туравердим. Шунинг учун ҳам Туркия деган ном ҳақиқий маънода жаранглаб чиққанида совринлар учун уриниб ўтирмадим. Эсингизда бўлса, 2000 йилги Европа чемпионатида Португалия осонлик билан енгган эди мени?! Португалияликлар таркибида кучли ўйинчилар бор эди ўшанда. Фигу ва Руи Кошталарнинг ўзи ҳар қандай рақибни ер тишлатишга кучи етгани боис, мен ушбу юртга қарши жиддий кураш олиб бормадим. Катта ишларни амалга ошириш йўлида сабр отлиғ туйғуни ўзимга қалқон қилиб олган эдим, мағлубиятга чидадим. Ўша йиллари мабодо Португалияни енгсам ҳам, кейинги босқичда Франциядан ўта олмаслигим аниқлигини тушуниб етгандим. Шунинг учун инқилоб қилишга вақт эрта, дедим-да, Голландия ва Бельгияни чорак финалдан сўнг тарк этдим. Шижоат борасида йигитларимдан кўнглим тўқ. Миллатпарварлик, ҳар бир қарич ерга жонини фидо айлаш масаласида ҳам биздаги ғурур жуда баланд. Мен кўпроқ шу жиҳатларимни ишга солишга қарор қилдим. Футболни чиройли ўйнаш учун йиллаб машқ қилиш керакдир, аммо ўйин масаласини ҳал қилиш учун миллий фитрат катта роль ўйнайди. Италия ва Германиядан шу нарсаларни ўргандим. Италия ўтмиши давомида узоқ йиллар дунёга ҳукмронлик қилгани футболчиларининг кўзларидан сезилиб туради. Рим империяси авлоди яшил майдонда кўринишидан иккинчи ролда ўйнаса-да, аслида ўйинни бошқараётган бўлади. Мен италияликларнинг гуруҳ баҳсларида гўёки эътиборсиз ўйнашларини бошқаларга ўхшаб, оддий тактика деб ўйламайман. Балки жуда ҳам қаттиқ тайёрланган ва мусобақа давомида ўзини ўзи шакллантиришга қаратилган услуб деб ҳисоблайман. Германиядан ўрганган нарсам характер бўлди. Хотиржамлик ва ўз кучига бўлган ишонч! 0:3 ҳисобида ютқазиб турган бўлса ҳам, хаёлида “ўйинда ҳали ҳисоб очилмаган”, дея оладиган даражадаги ишончни ўргандим. Пенальтилар сериясидаги немисларни қаттиқ кузатдим, нега ҳадеб ғалаба қозонаверади, деган саволга оддий жавобни топдим: Хотиржамлик! Италиядан ўрганган тактик жиҳатларимни немисча характерга қориштиргандим, жуда ҳам пишиқ махсулот чиқди. Мен буни аста секинлик ила жаҳон ва Европа чемпионатларида ишга сола бошладим. 2002 йилги мундиал кўрик вазифасини ўтаб бериши лозим эди. Ўрганларимни, тадқиқотимдаги хулосаларни ўртага ташлаш пайтини белгилаб олишим учун Германиядаги мусобақа жуда катта йўл очиб берди. Жаҳон чемпионатига зўрға чиққан бўлсам ҳам, гуруҳдаги вазият осонлигидан (Бразилиядан бошқа тузукроқ рақиб йўқ эди - Коста Рика ва Хитой!), йигитларим германияча характерни ёддан кўтариб, шижоат масаласида илгарилаб кетишди. Натижада, мен аста секинлик ила юзага келтирмоқчи бўлган натижам иш битмасидан аввал ҳамманинг кўзи ўнгида ялонғочланиб кўриниб қолди. “Туркия – дунёнинг учинчи жамоаси!”, “Турклардаги шижоат футболга ўзгача хаво олиб кирди!”, “Туркия 2004 йилги Европа чемпионати ғолиби бўлиши мумкин!” деган баландпарвоз сарлавҳалар йигитларим қонида оқаётган шижоатни салбий томонга буриб юборди. Тахлилларим асносида мен яна бир хулосага келган эдим: “Шижоат ўз ўрнида ишлатилмаса, сукунатдан кўра каттароқ зарарларни келтиради!” Мана шу хулосам билан муваққат бўлса ҳам жаҳон афгор оммаси нигоҳидан узоқлашиб кетишим зарур бўлиб қолди. Бутун дунё 2004 йилги Еврони, 2006 йилги мундиални ўтказиб юборганимни футболим кучсизланиб кетганига йўйишини истадим. Инсонга шифо бўладиган дорини тайёрлашда хатога йўл қўйилса, уни идишдан тўкиб юбориб, кейин бошқатдан тайёрлаш зарурияти бўлгани каби, мен тоғ-у тошларга узлат айладим, яъни жаҳон футболидан вақтинчалик муддатга чиқиб турдим. Бу пайтда кўп нарсалар рўй берди. Грециянинг ғалабасини тишимни тишимга қўйиб кузатдим ва унинг сабабларини ўрганган бўлдим. Италия менга ёққан услуб бўйича жаҳон чемпионига айланди. Айнан мана шу мусобақада яна битта дарс олдим: Ярим финалда Германия характери билан Италия тактикаси тўқнаш келди. Мен ушбу беллашувни кузата туриб, танлаган йўлим тўғри эканидан яна хурсанд бўлдим. Чунки немислар сўнгги дақиқалардаги ўйинни ўзгартириб юборишни унутиб, ҳамма тайёргарликни пенальтилар сериясига атаб қўйишди. Италянча ҳиссиётга эга бўлган йигитлар эса ўйин дуранг билан тугаса нималар содир бўлишини англаб етганларидан, Гроссонинг зарбасини голга айлантиришди. Икки буюк характер тўқнашувидан олган хулосам шул эдики, мабодо кейинчалик Германияга тўқнаш келсам Италия қўллаган услубни қўллайман, Италияга дуч келсам биринчи бўлиб гол ураман. Шунда скуадро адзурра нари борса ҳисобни тенглаштиради ва пенальтилар сериясида унга қарши Германиянинг хотиржамлигини ишга соламан. Бу жуда ҳам оғир иш бўлса-да, мен олти йил мобайнида шу масалада қаттиқ бош қотирдим. Жаҳон чемпионатида шов-шув кўтаргандан кўра, Европа чемпиони бўлиб, ўз услубимни қайта кўриб чиқишим лозим эди. Демак, хотираларимнинг нурли саҳифаларига айланган 2008 йилги Европа чемпионатида нималар қилганимни бирма – бир тушунтириб берсам. Саралаш баҳсларидаёқ “сўнгги сонияда” деб аталмиш тактик ишни амалга ошириб кўрдим, ёмон чиқмади! Кейин қуръа махсулоти бўлган гуруҳимни тахлил қилдим: Португалия билан биринчи ўйин – уни ютқазиш керак! Чунки биринчи ўйиндаёқ жиддий суратда ўзини кўрсатиш немислар характерига ҳам, италияликлар тактикасига ҳам мувофиқ эмас. Иккинчи ўрин биринчи ўринга қараганда кўздан йироқ, дедим-да, ховлиқма португалларга уч очко ҳадя қилдим. Ҳамма Португалияни кўкларга кўтара бошлаган бўлса, менинг ҳолатимни танқид остига ола бошлашди. 2002 йилги жаҳон чемпионатидаги услубимни бу ерда ҳам индамай қўллай бошладим. Қизиғи шуки, мендан кейин худди шу йўсинда Германия ҳам, Италия ҳам биринчи турда биринчи ўрин эгаларига имкониятни бой беришди. Кўкларга отилаётган Португалия олдига Хорватия ва Голландия қўшилди. Довдир испанлар ҳам тўққиз очко билан кейинги босқичга йўл олишгани кулгимга сабаб бўлди. Россияни бошқарган Гус Хиддинк анча айёрлиги боис биринчи турдаги мағлубияти билан ўзини “ёмон кўзлар”дан узоққа олиб кетди. Натижада, Испаниянинг шўри қуриб, 2006 йилги жаҳон чемпионатига ўхшаб биринчи ўринни қўлга киритса-да, плей-оффда жуда ноқулай рақибга тушиб қолди. У рақибнинг номи менга кўп жиҳатдан услубини ўргатаётган Италия эди! Ҳаммаси чизиб қўйилганидек бошланди. Италия, Германия ва Хиддинк нима қилиш кераклигини мендан яхши билишларини англаганим ҳолатида уларнинг ўйинидан кўра ўзимга аталган икки учрашув тактикасини чизиб чиқдим. Швейцария мусобақа мезбони бўлгани учун уни мағлуб этиш менга жуда осон эди. Чунки олдиндан мезбонларни қийратиш бўйича мутахассис эдим. 2000 йилги Еврода Бельгияни гуруҳда қолдириб кетгандим, 2002 йилги мундиалда аввал Японияни, кейин эса Кореяни доғда қолдирганман. Бу сафар ҳам менга мезбон насиб этиб турибди. Швейцарияни енгиш-ку иш эмас, аммо қайси услубда деган савол кўндаланг қўйилди. Мен бутун мусобақа давомида ишлатмоқчи бўлган “сўнгги сония” тактикасини айни шу ўйинда қўллашга қарор қилдим. Чунки охирги тур анча жиддий чехлар билан кечишини ҳисобга оладиган бўлсам, уларни ушбу услуб билан қўрқитиб қўйишим керак эди. Швейцариядан биринчи бўлиб тўп қабул қилиш ҳам ўйлаб қўйилган услубимнинг бир қисми эди. Энди иккинчи бўлим ўрталарида ҳисобни тенглаштираман, “сўнгги сония” услуби мабодо иш бермай қолса ҳам бир очко билан Чехияга қарши йўл оламан, дедим-да, ҳисобни тенглаштирдим. Сўнгги сониялар ўтиб бораётганда мусобақа мезбони биринчи қурбонимга айланди. Уни ер тишлатар эканман, озгина ачинган бўлдим, аммо ғишт қолипдан кўчгани учун ҳам ортга чекинишнинг иложи йўқ эди. Чехия билан кечган баҳс тарих саҳифаларида зарҳал ҳарфлар билан қоладиган бўлди. Мен бу ўйинда тактикамни ишлаб чиқишда кичкина хатога йўл қўйдим, битта гол ўтказиб юбориб, худди швейцарияликлар билан қўллаган услубимни қўллайман, деб ўйлаган эдим, чехияликлар устози бу ишимни тушуниб қолибди. Натижада, шогирдларининг иккита гол уришини асосий зарбаси сифатида қўллади. Шу ўринда мураббий ҳам адашганлигини эътироф этсам. У агар шу куни шогирдлари зиммасига учта гол уришни қўйганида, чехлар уддалашлари мумкин эди. Мураббий туркияликларнинг довдираб қолишига икки гол ҳам етади, деб ўйлаган эди. Нақадар катта хато! Чехларни Чех қурбон қилди, деганлар адашишади. Чунки Чехни адаштирган Нихат асосий қуролим эди. Инсон катта хатога йўл қўйгач, унинг давомидан ўзига кела олмаслигини руҳия тарбия олимлари қаттиқ ўргатишади. Питер Чех ана шу ҳолат қурбонига айланди. Аввалига хато қилди, унинг хатоси эса бутун Чехияга таъсир ўтказди. Натижада, Нихат ҳисобни 3:2га етказиб қўя қолди. Пенальтилар сериясида чехлар худди немислар каби ишонч билан ҳаракат қилишларини ҳисобга олиб, ўйинда фақат ғалаба қозонишим керак эди. Чорак финалдаги рақибим билан пенальтилар серияси содир бўлишини кўзда тутганим боисидан ўйиндаги яхшироқ дарвозабоним – Демерелни қизил карточка билан ўйиндан олиб қўя қолдим. Рақиблар Рушту Режбернинг тажрибасидан кўра охирги пайтда кўрсатаётган ёмон ўйинларига таяниб, ўз услубларини амалга ошира олишмайди, деган хулосага келдим. Ваҳ, ваҳ, жуда тўғри қилган эканман! Мени тўғри тушунасизлар! Иккинчи ўйиндаги матонат олдида буниси қаҳрамонлик бўлиб кетди. Энди чорак финалдаги рақибимни ўрганишим даврида шу хулосага келдимки, Хорватия ўйин эътибори билан Чехиядан кучли бўлса ҳам пенальтилар сериясида руҳан эзилиши турган гап эди. Мен ҳадеб Италиянинг услубини қўллашдан зерикиб, Германия характерига мурожаат этдим. Тўқсон дақиқа хорватларга ўйин бермаслик ва яна ўттиз дақиқа уларнинг асабини ўйнаш. Иккинчи ролда туриб олиб, ишни пенальтига олиб бориш! Жуда яхши ўйланган ишни Руштунинг ўзи бузиб қўйди. 119-дақиқада ҳам шунақа бемаза гол ўтказадими одам деган?! Бу ҳолат бир-икки дақиқа ичида немисча ўйин услубидан воз кечиб, яна италияликларнинг ҳиссиётига мурожаат этишга мажбур этди мени! Ёмон бўлмади, қайтанга 0:0 ҳисобидан кўра 122-дақиқада урилган гол эвазига таблода порлаган 1:1 ҳисоби хорватларнинг руҳиятини синдириб ташлади. Пенальтилар сериясида улардан кутганларимнинг ярми ҳам чиқмади. Яна бир яхши томони шуки, Рушту Режбер ўз айбини ювиб олишга ҳам улгурди. Дийдиёимдан чарчаган бўлсангиз кераг-а?! Бўлди, ҳозир тўхтатаман. Чунки буёғини айта олмайман. Мусобақа ташкилотчиларининг қўпол хатоси туфайли ярим финалдаёқ Германияга қарши ўйнашим керак. Нариги томонда Италиянинг охирги ўйинга қадар жадал юриши давом этади, деган хулосада менинг олдимда жуда қийин масала кўндаланг бўлган: Италия ва Германиядан услуб ўзгартирганим ҳолида, уларни енгиш осон кечмайди. Дуо қилиб турасизлар, бу ишни уддаласам, жаҳон футболига янги ўйин моделини олиб кирган бўламан. Бу ишларим ўхшаса, хотиржамлик билан жаҳон чемпионатига ҳам қўллаш мумкин бўлади бу услубни. Акс ҳолда, Бразилияни на Германия ва на Италия услуби билан енгиб бўлади! Энди ҳикоям бошида ваъда берган масаламни ҳам очиқлашга киришаман. Бу кашфиётим учун мени яна маломат қилишлари мумкин, Европа иттифоқига киришим қийинлашиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Шундай бўлса-да айтмоқчиман ўша гапни. Орамизда қолади, деган умиддаман: Италия ҳам, Германия ҳам, Бразилия ҳам, Аргентина ҳам охирги дақиқага қаттиқ эътибор қаратишни аслида БИЗдан ўрганишган экан. Ҳайрон қолдингиз-а?! Ҳа, ҳа, биздан ўрганишган экан. Бундан ўн беш аср муқаддам ислом оламига устоз бўлиб келган зот инсоннинг умри охирида айтган гапи қандай бўлса, унинг ҳукми ҳам шундай бўлишини марҳамат қилган эканлар. Охирги дақиқани, охирги нафасни, охирги ишни хайрли қилиш учун эса инсон ҳаёти давомида шу сонияни ўйлаб яшаши лозим экан. Шунга мувофиқ ҳаёт кечириши керак экан. Мана шу ҳолатлардан келиб чиқиб ишонч билан айта оламанки, ғарбликлар биздан нафақат совунда ювинишни ёки овқатдан олдин қўлни ювишни ўрганишган, балки маънавий оламимиздан олинган чиройли хулосаларни ўз ҳаётларига, спортларига ва бошқа масалаларига қўллай бошлаган эканлар. Демак, мен Германия ва Италиядан ўта олсам, уларнинг услубидан эмас, балки аслида ўзимизга тегишли бўлган услубдан фойдаланаётган бўламан ва бунда “муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши” кодексига дахлдор бўлмайман. Дуо қилиб туринглар, аргадашлар!!!
|