Главная | Регистрация | Вход
-:::_-Islomiy Saxifa-_:::-
Saxifalar
Ilomiy Saxifalari
Islom Dini Haqida [4]
Islomiy Dunyo [5]
Islomiy Harhil Videolar [18]
Mashxur Qorilar Qiroati [0]
KITOBLAR [5]
Mo'jizalar [5]
Hadisi Sharif [2]
Siz Kim???
Приветствую Вас MexmoN
IzlasH
DiqqaT !!! DiqqaT !!!

Diqqat!
Agarda kimda kinolar ko'rsatmasa! U holda Online kinolarni ko'rishlik uchun Mozilla Firefox yoki Opera dan foydalaning va albatta kinolarni muammosiz ko'rish sharafiga ega bo'lasiz!! 

Внимание!
У кого не загружаются фильмы, скачиваем и устанавливаем браузер  Mozilla Firefox или Opera через него все работает!!
Statistika

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Mini-ChaT
200
Bosh Saxifa » Статьи » KITOBLAR

ОЛАМЛАРГА РАҲМАТ ПАЙҒАМБАР
ПАЙҒАМБАР СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ ҲАҚИДА

Аллоҳ таоло:

«Аллоҳ Набийлардан: «Сизларга китоб ва ҳикмат берганим учун, кетингиздан сизлардаги нарсани тасдиқловчи Расул келганда, албатта, унга иймон келтирасиз ва ёрдам берасиз», деб аҳду паймонларини олиб туриб: «Иқрор бўлдингизми? Бу ҳақда ишончли аҳду паймонимни қабул қилдингизми?» деганини эсла. Улар: «Иқрор бўлдик», дейишди. У: «Бас, гувоҳ бўлинглар, мен ҳам гувоҳ бўлувчиларданман», деди», деган.

Шарҳ: Ушбу ояти каримада ажойиб бир кўриниш васф этилмоқда; ҳамма Пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг ҳузурида тўпланишган. Бу улкан йиғилишда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Пайғамбарларнинг ўзларини гувоҳ қилиб туриб, Ўзи ҳам бу гувоҳликка қўшилиб туриб, улардан ишончли, таъкидланган аҳду паймон олмоқда. Бу ишончли ҳамда таъкидланган аҳду паймон Аллоҳ таоло китоб ва ҳикмат берган ҳар бир Пайғамбар ўзидан кейин унинг Пайғамбарлигини тасдиқлаб келган Пайғамбарга, албатта, иймон келтиради ва, албатта, унга ёрдам беради.

Шу ўринда ўзидан кейин келган Пайғамбарга олдин ўтган Пайғамбар қандай қилиб иймон келтириб, қандай қилиб ёрдам беради деган бир савол туғилади. Жавоб шулки, Аллоҳ китоб ва ҳикмат берган ҳар бир Пайғамбар ўз умматини ўзидан кейин унинг Пайғамбарлигини тасдиқловчи Пайғамбар келса, унга иймон келтириш ва ёрдам бериш руҳида тарбиялайди. Умматларининг иймон келтиргани унинг иймон келтиргани, умматларининг ёрдам бергани унинг ёрдам берганидир.

Бунга Аллоҳ Пайғамбарларнинг аҳду паймонини олди ва яна таъкидлаш учун:

«Иқрор бўлдингизми? Бу ҳақда ишончли аҳду паймонимни қабул қилдингизми?» деди.

«Улар: «Иқрор бўлдик», дейишди».

Демак, Пайғамбар алайҳиссаломлар ўз умматларини ўзларидан кейин келадиган Пайғамбарга иймон келтириш ва унга ёрдам бериш руҳида тарбиялаб келишган. Уларнинг барчалари бир силсиланинг ҳалқаларидир.

Шу билан бирга, тафсирчи олимларимиз «сизлардаги нарсани тасдиқловчи Пайғамбар»дан мурод Муҳаммад алайҳиссаломдир, деганлар. Яъни, ҳар бир Пайғамбар, мабодо мендан кейин Муҳаммад алайҳиссалом менинг Пайғамбарлигимни тасдиқлаб келса, албатта, унга иймон келтирасизлар ва ёрдам берасизлар, деб кетгандир. Муфассирларимиз ўзларининг бу фикрларини Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан қилинган ривоятлар билан тасдиқлашади.

Али ибн Аби Толиб ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинадики:

«Аллоҳ Пайғамбарлардан ҳар бирини юборишдан олдин, албатта, ундан «Агар Аллоҳ Муҳаммад алайҳиссаломни Пай-ғамбар қилиб юборганда у тирик бўлса, албатта, унга иймон келтириш ва ёрдам бериш ҳақида аҳду паймон олди. Ҳамда уни ўз умматидан Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбар этиб юборилганларида тирик бўлсалар, у кишига, албатта, иймон келтириш ва ёрдам бериш ҳақида аҳду паймон олишга буюрди».

Буларнинг ҳаммаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилатлари қанчалик устун эканини кўрсатади. Аллоҳ таолонинг Ўзи бошқа пайғамбар алайҳиссаломлардан у зотга иймон келтириш ва у зотга ёрдам бериш ҳақида аҳду паймон олгандан кейин Муҳаммад алайҳиссаломнинг фазилатлари барчадан устун бўлмай кимники устун бўлсин.

Пайғамбар алайҳиссаломлар одамларнинг энг афзаллари ҳисобланадилар. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам эса афзалларнинг афзали ҳисобланадилар.

2782. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен асрма аср, токи ўзим бўлган асрга етиб келгунимча, Бани Одамнинг энг яхши асрларидан юборилганман», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-боболарининг сулбларидан бирма-бир ўтиб, ўзлари туғилган асрга етиб келгунларича доимо дунёдаги энг яхши ҳисобланган одамлар сулбида бўлганлари хабари сифатида тушунмоқ керак. Дунё яралгандан бери то ўзлари пайғамбар қилиб юборилган вақт келгунча Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг яхши табақасидан бўлган оталарнинг сулбида бўлганлар. Бу ҳам у зот алайҳиссаломнинг Аллоҳ таоло аслида фазилатли қилиб қўйганининг аломатидир.

Албатта, Аллоҳ таоло Ўзи яратган халқ ичидаги энг афзал зот учун ана шундоқ силсилани танлаши бежиз эмас. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазлларига фазл қўшади. Шу билан бирга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам азалдан Аллоҳ таолонинг инояти остида бўлганларини кўрсатади.

2783. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидидирман. Устидан қабр биринчи ёриладиган шахсдирман. Биринчи шафоат сўровчидирман. Биринчи шафоат қилинувчидирман», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Термизийнинг лафзи:

«Қиёмат куни мен Одам фарзандиннинг саййидидир-ман ва фахрланиш эмаску, қўлимда ҳамд байроғи бўладир. Ҳеч бир набий йўқки, Одамми, ундан бошқасими, ҳаммаси менинг байроғим остида бўлмаса. Фахр эмаску, мен устидан қабр биринчи ёриладиган шахсдирман».

Шарҳ: Аввалги ҳадиси шарифда Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таоло бу дунёнинг яратишидан бошлаб энг афзал табақадан бўлиб келганлари баён қилинган эди. Бу ҳадиси шарифда эса У зот алайҳиссаломнинг у дунёнинг аввалидан энг афзал банда бўлишлари ҳақида сўз кетмоқда.

«Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидидир-ман», дейдилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Имом Термизийнинг ривоятлари эса у зотнинг ўша саййидликлари айнан қайси нарсада намоён бўлишини баён қилади:

«Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидидир ман ва фахрланиш эмаску, қўлимда ҳамд байроғи бўладир. Ҳеч бир набий йўқки, Одамми, ундан бошқасими, ҳаммаси менинг байроғим остида бўлмаса».

Ушбу жумладаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «қўлимда ҳамд байроғи бўладир» деган гапларини «мен катта шафоатни қилганимда аввалги-ю, охирги халойиқ менга мақтов айтадир» деганлари эканлигини таъкидлайдилар.

Албатта, бу гапни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фахрланиш-мақтаниш учун айтган эмаслар, балки, воқеълик шу. Бу ўз-ўзидан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охиратда ҳам энг афзал банда бўлишларини кўрсатади.

«Устидан қабр биринчи ёриладиган шахсдирман».

Қиёматдан олдин дунё пайдо бўлгандан бошлаб то ўша пайтгача бўлган барча халойиқ қабрда бўлиши маълум. Ўша қабрдагилар ичидан ким биринчи бўлиб тирилтирилса, ўша шахс уларнинг ичида энг афзали бўлиши ҳам маълум. Худди ана ўша шахс Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар. У зотнинг устиларидан қабрнинг ёрилиши Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайта тирилиб, ўз қабрларидан чиқишларидир. У зотнинг биринчи бўлиб қабрдан қайта тирилиб чиқишлари барча халойиқнинг афзали эканликларига далолатдир.

«Биринчи шафоат сўровчидирман».

Бу ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолонинг ҳузурида энг афзал банда, энг афзал пайғамбар эканларининг яна бир далилидир.

«Биринчи шафоат қилинувчидирман».

Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни қиёмат куни биринчи шафоат қилиши ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг афзал банда ва энг афзал пайғамбар эканликларига далилдир.

Буларнинг ҳаммаси воқеъликдир, бор гапнинг зикридир. Бунда заррача мақтаниш, заррача фахрланиш йўқ. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Термизийнинг ривоятларида:

«Фахр эмаску, мен устидан қабр биринчи ёриладиган шахсдирман», демоқдалар.

2784. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачонки қиёмат куни бўлса, фахр эмаску, мен набийларнинг имоми, хатиби ва шафоатлари соҳиби бўлурман», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам фахр учун эмас, воқеъликдаги бор ҳақиқат айтилмоқда. Қиёмат куни Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча пайғамбарларга имом бўлишлари, барча пайғамбарларга хатиб бўлиб уларга хутба-ваъз қилишлари ва барча пайғамбарларга шафоатчи бўлиб уларни шафоат қилишлари ҳақида сўз кетмоқда.

Ўзимиз ўйлаб кўрайлик, қиёмат кунида барча пайғамбарларга имом бўлишдан афзал мақом борми?!

Ўзимиз ўйлаб кўрайлик, қиёмат кунида барча пайғамбарларга хатиб бўлишдан афзал мақом борми?!

Ўзимиз ўйлаб кўрайлик, қиёмат кунида барча пайғамбарларга шафоатчи бўлишдан афзал мақом борми?!

2785. Восилата ибн ал-Аскаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ Валади Исмоилдан Кинонани танлаб олди. Кинонадан Қурайшни танлаб олди. Қурайшдан Бани Ҳошимни танлаб олди. Бани Ҳошимдан мени танлаб олди», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда аввал ўтган ривоятда айтилган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яхши тоифалар сулбидан ўтиб-ўтиб ўзлари юборилган авлодга етиб келганлари ҳақидаги маълумотни бошқача кўриниши бор. Аниқроғи, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Арабларнинг отаси бўлмиш Исмоил алайҳиссаломдан бошлаб қандоқ тарзда сулбдан сулбга ўтиб энг яхши оиладан туғилганларига ишора бор.

Арабларнинг янги сулоласининг барчаси Исмоил алайҳиссаломдан тарқалганлиги маълум ва машҳур. Исмоил алайҳиссалом эса Иброҳим алайҳиссаломнинг фарзандлари экани ҳам маълум. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Албатта, Аллоҳ Валади Исмоилдан Кинонани танлаб олди», дейишларидан Кинона халқи Исмоил алайҳиссаломдан тарқалган авлодлар ичидан энг афзали экани чиқади. Чунки айни шу халқ сулоласидан кейинчалик Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилганлар.

«Кинонадан Қурайшни танлаб олди».

Демак, Кинонадан тарқалган қабилалар ичида энг афзали Қурайш қабиласи экан.

«Қурайшдан Бани Ҳошимни танлаб олди».

Қурайш қабиласидан тарқалган уруғлар ичида Бани Ҳошим уруғи энг афзали экан.

«Бани Ҳошимдан мени танлаб олди».

Ана шундоқ тарзда Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни халойиқни яратгандан бошлаб то дунёга келгунларича энг яхши тоифадан қилиб келди.

Имом Термизий ривоят қилган бошқа бир ҳадиси шарифда бу маъно яна ҳам ўзига хос равишда баён қилинган:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбар устида туриб:

«Мен кимман?» дедилар.

«Сиз Аллоҳнинг Расулисиз, сизга салом бўлсин», дейишди. Шунда у зот:

«Мен Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолибман. Албатта, Аллоҳ халоиқни халқ қилди. Сўнгра уларни икки гуруҳга бўлди. Мени улардан яхши гуруҳ ичида қилди. Сўнгра уларни қабилалар қилди. Мени уларнинг ичидаги энг яхши қабиладан қилди. Сўнгра уларни хонадонлар қилди. Мени уларнинг ичидаги энг яхши хонадондан, энг яхши жондан қилди», дедилар».

2786. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, менинг ва мендан олдинги анбиёларнинг мисоли, худди бир уйни яхшилаб, чиройли қилиб қуриб, бир бурчагидан бир ғиштнинг ўрнини қолдириб қўйган кишига ўхшайди. Одамлар уни айланиб кўриб қоил қолишади ва:

«Мана шу ғишт ҳам ўрнига қўйилганда эди!» дейишади. Мен ўша ғиштман. Мен набийларнинг хотимиман», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Аллоҳ таоло Одам отани яратиб ер юзида яшайдиган Ўзининг халифаси қилгандан кейин унинг болаларига тўғри йўлни кўрсатиб туриш учун таълимотлар ҳам юбориб туришни ирода қилди. Бу таълимотларни одамларга етказиш ва ҳаётга татбиқ қилиб кўрсатиш учун уларнинг ичидан пайғамбарлар танлаб олишни ҳам ирода қилди. Ана ўша пайғамбарларнинг биринчиси Аллоҳ таолонинг иродаси ила Одам отанинг ўзлари бўлди. Кейин эса бирин-кетин бошқа пайғамбарлар кела бошлади. Аста секин вақт ўтиши билан пайғабарларнинг силсиласи узайиб келиб уларнинг охирги ҳалқаси Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлдилар.

Ушбу ҳадиси шарифда бу жараён худди бир кўркам чиройли бино қурилишига ўхшатилмоқда.

«Албатта, менинг ва мендан олдинги анбиёларнинг мисоли, худди бир уйни яхшилаб, чиройли қилиб қуриб, бир бурчагидан бир ғиштнинг ўрнини қолдириб қўйган кишига ўхшайди».

Бу дунёнинг тузилиши бир кўрган кўзни қувотирадиган кўркам бино бўлса, Аллоҳ таоло Ўз бандаларига юборган ҳар бир пайғамбар ўша бинонинг бир ғиштидек гап. Мазкур бинонинг бир ғишти қўйилганда унинг камоли томон бир қадам ташлангандек, Аллоҳ таоло ҳар бир пайғамбарни юборганда рисолат ва нубувват биноси ҳам янги бир ғишт терилгандек камолат сари кўтарилиб бораверган. Бориб-бориб мазкур бино битай деб ҳам қолибди. Фақатгина бир ғишт терилса битадиган ҳолига келибди.

«Одамлар уни айланиб кўриб қоил қолишади ва:

«Мана шу ғишт ҳам ўрнига қўйилганда эди!» дейишади».

У бино томоша қилганлар қоил қолишар, аммо, урилмаган биргина ғиштнинг мулоҳазасини қилиб, қани энди шу ғишт ҳам ўз ўрнига қўйилсаю бино мукаммал ҳолига келса деган орзуни қилар экан. Ўша бир ғиштсиз мазкур бино нуқсонли бўлар экан. Мазкур бинонинг баркамоллиги охирги ғиштга қараб қолган экан. Агар ўша охирги ғишт қўйилмаса бино битган ҳисобланмас, уни кўрган одам битмай қолганига афсус қилар экан. Ана ўша пайтда Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни охирги пайғамбар қилиб юбориб нубувват ва рисолат биносининг охирги ва энг муҳим ва энг афзал ғиштини ҳам қўйди.

«Мен ўша ғиштман. Мен набийларнинг хотимиман».

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларининг ўша нубувват ва рисолат биносининг охирги ғишти эканларини, Аллоҳ таоло Ўз бандаларига юборган пайғамбарларининг тугатувчиси эканликларини таъкидламоқдалар. Бинога охирги ғишт терилгандан кейин қурулиш битади. Ундан кейин ғишт терилмайди. Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни охирги пайғамбар қилиб юборгандан кейин пайғамбарлик сўнгига етди. Энди бошқа пайғамбар юборилмайди.

Ҳар бир нарсага алийму хабийр бўлган Аллоҳ таоло Ўзи яратган борлиқда Ўзи яратган инсониятни Ўзи юборган пайғамбарлар орқали тўғри йўлга солишни Ўзи ихтиёр қилди. Бунинг учун аввало нубувват ва рисолат биносининг бир бутун ва мустаҳкам пойдеворлик қилди. Яъни, ҳар бир пайғамбарга юборган диннинг асоси бўлмиш ақийдани ҳаммалари учун бир хил қилди. Одам отадан бошлаб Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган барча пайғамбарлар ўз умматларини бир хил ақийдага чақирдилар. Бу ақийда; Аллоҳ таолонинг ягоналигига, барча айблардан холи эканига, қиёмат кунига, ҳисоб-китобга ва дўзах, жаннатга иймон келтиришдан иборат эди.

Аммо динларнинг ақийда қисми бир хил ва ўзгармай туриши матлуб бўлгани билан уларнинг амалий қисми-шариат-лар ўзгармай туриши мумкин эмас эди. Балки шариятлар замон ва маконга, халқлар ва уларнинг савиясига қараб ривожланиб бориши керак эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло дин пойдевори бўлмиш ақийда устига ҳар набийга берган шариятни худди пойдевор устига қўйилаётган ғишт мисоли қилиб бирин кетин қўйиб турди.

Одам отанинг даврида инсон жамияти содда бўлгани учун уларга содда шарият жорий қилди. Мисол учун шароитдан келиб чиқиб ўша шариятда ака сингилнинг оила қуришига изн берилди. Кейин эса инсоният ўсиб бориши билан шариятлар ҳам ривожланиб борди. Аллоҳ таоло ана шу тарзда инсониятни аста-секин тарбиялаб келди.

Охири келиб инсоният вояга етганда унга энг мукаммал ва боқий шарият, шарияти муҳаммадияни берди. Нубувват ва рисолат биносининг энг гўзал ва энг сўнгги ғиштини қўйди.

Энди қиёматгача бу бинога ғишт қўйилмайди. Бошқа пайғамбар юборилмайди. Ислом шарияти барча замонлар, барча маконлар ва барча халқлар учун қиёмат қоим бўлгунча кифоя қилади.

Ана шунинг учун ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам энг афзал пайғамбар ҳисобланадилар. Пайғамбарларнинг хотими-тугатувчиси ҳисобланадилар. Бундан улуғ фазл бўлиши мумкин эмас.

2787. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Эй, Аллоҳнинг Расули, сизга қачон нубувват вожиб бўлди?» дейишди. Шунда у зот:

«Одам руҳ билан жасад орасидалигида», дедилар».

Шарҳ: Бундан Аллоҳ таоло азалдан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ўзига пайғамбар қилиб танлаб олгани, инсониятнинг отаси Одам отага руҳ киритилмай турган пайтда ҳам У зотнинг пайғамбар бўлишлари аниқ эканлиги келиб чиқади. Бу эса ўз навбатида Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазллари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қанчалик улуғ эканини кўрсатади.

2788. Аббос розияллоҳу анҳу:

«Эй, Аллоҳнинг Расули, қурайшликлар ўтириб ўзаро насабларини эсладилар, сизни тепалик ердаги хурмога ўхшатишди», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ халойиқни халқ қилганда мени уларнинг энг яхшиларидан қилди. Энг яхши фирқаларидан қилди. Икки фирқанинг яхшисидан қилди. Сўнгра қабилаларни танлади ва мени энг яхши қабиладан қилди. Кейин хонадонларни танлади ва мени энг яхши хонадондан қилди. Бас, мен нафсим жиҳатидан ҳам, хонадон жиҳатидан ҳам уларнинг энг яхшисиман», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қандоқ тарзда аввал бошдан энг яхши сулолалар сулбидан ўтиб келиб охири дунёга келганлари васф қилинмоқда. Бунда у зотнинг одам зотининг энг афзали эканликлари очиқ-ойдин кўриниб турибди.

2789. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамлар қайта тирилтилганларида мен уларнинг аввалгисиман. Тўпланиб келганларида мен уларнинг хатибиман. Ноумид бўлганларида мен уларнинг хушхабарчисиман. Ул кунда ҳамд байроғи менинг қўлимдадир. Фахр эмаску, мен Роббим ҳузурида одам боласининг энг мукаррамиман», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фахр учун эмас, воқеъликдаги ҳақиқат бўлмиш ҳолатни васф қилароқ ўзларининг афзалликларидан бир нечтасини зикр қилмоқдалар.

1. «Одамлар қайта тирилтилганларида мен уларнинг аввалгисиман».

Яъни, вақти соати етиб, қиёмат қоим бўлиб Аллоҳ таоло томонидан одамлар қайта тирилтирилганларида мен уларнинг ичидан биринчи бўлиб тирилтириламан. Бу аввал ҳам ўрганиб ўтганимиздек катта фазлдир.

2. «Тўпланиб келганларида мен уларнинг хатибиман».

Яъни, қиёмат куни кайта тирилтирилган одамлар Роббилари ҳузурига тўпланиб келганларида мен уларга қарата хутба қиламан. Албатта, анашундоқ улуғ мақомда, маҳшарда, Аллоҳ таолонинг ҳузурида аҳли қиёматга қарата хутба қилиш ҳуқуқини берилиши ҳазилакам иш эмас. Бу Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолонинг ҳузурида мақомлари қанчалик улуғ эканини, У зот инсон зотининг афзали эканликларини яна бир бор кўрсатади.

3. «Ноумид бўлганларида мен уларнинг хушхабарчисиман».

Яъни, одамлар қиёмат даҳшатларини кўриб ҳамма нарсадан умидларини узиб бўлганларида мен уларнинг жаннатиларига хушхабар берувчиман.

Албатта, бу мақом ҳам улуғ мақом. Ҳеч бир одам зотига насиб этмаган мақом. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаммадан афзал эканларини шунинг ўзидан билиб олса ҳам бўлади.

4. «Ул кунда ҳамд байроғи менинг қўлимдадир».

Бу маъно ҳам олдин ўтган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «ҳамд байроғи менинг қўлимдадир» деган гапларини «мен катта шафоатни қилганимда аввалгию охирги халойиқ менга мақтов айтадир» деганларидир.

5. «Фахр эмаску, мен Роббим ҳузурида одам боласининг энг мукаррамиман», дедилар».

Ҳа, Роббил оламин ҳузурида Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан мукаррамроқ одам боласи йўқ. Албатта, бу гапни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фахрланиш-мақтаниш учун айтган эмаслар, балки, воқеълик шу. Бу ўз-ўзидан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам энг афзал банда эканликларини кўрсатади.

2790. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага кирган кунда ундаги барча нарсадан зиё чиқди. У зот вафот этган кунда ундаги барча нарсани зулмат босди».

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррамадан ҳижрат қилиб Мадинаи Мунавварага етиб келиб унга кирганларида у зотнинг фазлларидан шаҳардаги ҳамма нарсалардан зиё тарқаб, нур чиқиб кетганлиги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг афзалликларининг яна бир далолатидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вақти соати етиб, бу бевафо дунёни тарк этиб, дорулбақога реҳлат қилганларида У зотнинг фазлидан ажраб қолаётган Мадинаи Мунавварадаги ҳамма нарса зулматга кўмилган экан. Бу ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг афзалликлари қай даражада эканининг яна бир далолатидир.

2791. Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан баъзи кишилар у зотyb кутиб ўтирар эдилар. У зот чиқиб, уларга яқинлашганларида ўзаро эслашиб; баъзилари, қаран-га, Аллоҳ азза ва жалла Ўз халқидан Иброҳимни халил қилиб олган-а! деганини. Бошқаси, Мусонинг гапидан ажойиброқ нарса борми? Унга Роббиси ўзига хос гапирган-а! деяётганини. Яна бири, Ийсо Аллоҳнинг калимаси ва руҳидир! деганини. Яна бошқа бири, Одамни Аллоҳ саралаб олгандир! деганини эшитдилар. Бас, у зот уларнинг олдига келиб салом бердилар ва:

«Батаҳқиқ, гапингизни ва қоил қолаётганингизни эшитдим.

Албатта, Иброҳим Халилуллоҳдир. Ҳа, у зот шундоқдир.

Мусо Нажиюллоҳдир. Ҳа, у зот шундоқдир.

Ийсо Руҳуллоҳдир ва Унинг калимасидир. Ҳа, у зот шундоқдир.

Одамни Аллоҳ саралаб олгандир. Ҳа, у зот шундоқдир.

Огоҳ бўлингким! Фахр эмаску, мен Ҳабибуллоҳман!

Фахр эмаску, мен қиёмат куни ҳамд байроғини кўтарувчиман! Мен биринчи шафоат сўровчиман!

Фахр эмаску, мен қиёмат куни биринчи шафоат қилинувчиман!

Фахр эмаску, мен жаннатнинг ҳалқаларини биринчи ҳаракатга солувчиман. Бас, Аллоҳ менинг учун уни очур ҳамда мени ва мен билан умматимнинг фақирларини унга киритур.

Фахр эмаску, мен аввалгилару охиргиларнинг энг мукаррамиман!» дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда энг улуғ пайғамбарларнинг ва уларнинг афзали бўлмиш Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос афзалликлари ҳақида сўз кетмоқда. Аллоҳ таоло Ўзи юборган пайғамбарларнинг баъзиларига ўзига хос афзалликлар ҳам ато қилган. Бу ҳақиқатни аввалги динларга эргашувчилар ҳам яхши билар эдилар. Шунингдек бу маънода саҳобаи киромларда ҳам маълумот пайдо бўлган эди. Улардан бирлари, Аббос ибн Абдулмуттлиб розияллоҳу анҳу мазкур мавзуъдаги суҳбатлардан бирини ривоят қилиб бермоқдалар.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан баъзи кишилар у зотни кутиб ўтирар эдилар».

Одатда бундоқ кутиш масжиди набавийи шарифда бўлар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужраи саодатда бўлганларида У зотнинг суҳбатларига муштоқ саҳобийлар масжидга тўпланишиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужраи саодатдан олдиларига чиқишларини кутиб ўтиришар эдилар. Бу сафар ҳам худди ана ўша кутишлардан бири бўлаётган эди.

«У зот чиқиб, уларга яқинлашганларида ўзаро эслашиб; баъзилари, қаран-га, Аллоҳ азза ва жалла Ўз халқидан Иброҳимни халил қилиб олган-а! деганини. Бошқаси, Мусонинг гапидан ажойиброқ нарса борми? Унга Роббиси ўзига хос гапирган-а! деяётганини. Яна бири, Ийсо Аллоҳнинг калимаси ва руҳидир! деганини. Яна бошқа бири, Одамни Аллоҳ саралаб олгандир! деганини эшитдилар».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужраи саодатдан чиқиб саҳобаи киромлар ўтирган жойга келгунларича уларнинг суҳбатларига қулоқ осдилар. Уларнинг гаплари асосан ўтган пайғамбарлардан; Иброҳим, Мусо, Ийсо ва Одам алайҳиссаломларга Аллоҳ таоло томонидан берилган ўзига хос фазилатлар ҳақида кетар эди. Ўз саҳобаларининг суҳбатларини яхшилаб тинглаётган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улар ўтирган жойга етиб келдилар.

«Бас, у зот уларнинг олдига келиб салом бердилар».

Демак, суҳбатлашиб ўтирган кишилар олдига келган шахс уларга салом бериши керак экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша одобга амал қилдилар. Кейин эса саҳобаи киромларга қуйидагилрни айтдилар:

«Батаҳқиқ, гапингизни ва қоил қолаётганингизни эшитдим».

Яъни, олдингизга келаётиб йўлда сизлар гапираётган гапларни эшитдим. Баъзи пайғамбарларга Аллоҳ таоло томонидан берилган фазлларга ҳавас қилиб, қоил қолиб гапирганингизни тингладим. Тўғри айтасиз.

«Албатта, Иброҳим Халилуллоҳдир. Ҳа, у зот шундоқдир».

Халил сўзини ифодали таржима қиладиган бўлсак, орасидан қил ҳам ўтмайдиган дўст, маъноси чиқади. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни ўшандоқ дўст тутган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

«Яхшилик қилувчи бўлган ҳолида юзини Аллоҳга таслим қилган ва Иброҳимнинг тўғри динига эргашган кимсанинг динидан ҳам яхшироқ дин борми? Ва Аллоҳ Иброҳимни халил (дўст) тутган эди», деган.

«Мусо Нажиюллоҳдир. Ҳа, у зот шундоқдир».

Нажий дегани, муножот қилувчи-сир гаплашувчи деганидир. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом билан ўзига хос муножат қилгани маълум ва машҳур. У зотнинг Ўзи Қуръони Каримда:

«Ва Биз сенга бундан олдин қиссаларини айтиб берган ва қиссаларини айтиб бермаган Пайғамбарларни юбордик. Ва Аллоҳ Мусо ила ўзига хос гаплашди», деган.

«Ийсо Руҳуллоҳдир ва Унинг калимасидир. Ҳа, у зот шундоқдир».

Ийсо алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг амри ила Жаброил алайҳиссалом Биби Марямнинг ёқаларидан руҳ пуфлаганларида халқ қилинганликлари учун Руҳуллоҳ деган номни олганлар. Аллоҳ таолонинг, бўл, деган калимаси ила пайдо бўлганлари учун калиматуллоҳ номини олганлар.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бу ҳақда:

«Фаржини пок сақлаган аёлни эсла. Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик. Уни ва унинг ўғлини оламларга оят-белги қилдик», деган.

Ушбу ояти каримадаги «фаржини пок сақлаган аёл» Биби Марям, «унинг ўғли» Марямнинг ўғли-Ийсо алайҳиссаломдир.

«Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик»дан мурод Аллоҳ таолонинг амри ила Жаброил алайҳиссаломнинг Биби Марямнинг ёқаларидан пуфлаганлари ва у киши Ийсо алайҳиссаломга ҳомладор бўлганларидир.

«Одамни Аллоҳ саралаб олгандир. Ҳа, у зот шундоқдир».

Одам алайҳиссаломни «сафиюллоҳ» деб аталади. Бу сўзнинг маъноси, Аллоҳнинг саралаб олгани деганидир.

Бу ҳақда ҳам Қуръони Каримда оят бор. Аллоҳ атоло:

«Албатта, Аллоҳ Одамни, Нуҳни, Оли Иброҳимни, Оли Имронни оламлар устидан танлаб олди», деган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур улуғ пайғамбар алайҳиссаломларнинг фазилатларини тасдиқлаб бўлганларидан кейин ўз саҳобаларига мурожаат қилиб яна қуйидагиларни айтдилар:

«Огоҳ бўлингким! Фахр эмаску, мен Ҳабибуллоҳман!»

Яъни, Аллоҳнинг маҳбубиман. Албатта, бу сифат улуғ фазилатдир. Бундоқ мақомга пайғамбарлардан ҳеч кимлари сазовор бўлмаганлар.

«Фахр эмаску, мен қиёмат куни ҳамд байроғини кўтарувчиман!»

Бу мақом ҳам ҳеч бир кимсага насиб қилмаган мақом.

«Мен биринчи шафоат сўровчиман!»

Бу мақомдан ортиқ қандоқ фазилат бўлиши мумкин?!

«Фахр эмаску, Мен қиёмат куни биринчи шафоат қилинувчиман!»

Бу ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаммадан афзал эканликларининг кўпгина далилларидан бир далилдир.

«Фахр эмаску, мен жаннатнинг ҳалқаларини биринчи ҳаракатга солувчиман. Бас, Аллоҳ менинг учун уни очур ҳамда мени ва мен билан умматимнинг фақирларини унга киритур».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат куни жаннат дарвозасига келиб, жаннат эшикларини очишни талаб қилиб, унинг ҳалқасидан ушлаб таққиллатар эканлар. Ана шунда Аллоҳ таолога У зотга жаннат эшигини очар ва У зот биринчи бўлиб жаннатга кирар эканлар. Бу ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсониятнинг энг афзали эканликларини кўрсатади. У зот билан бирга умматларларининг фақир-фуқаролари бирга жаннатга кириши ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазллари ва бу дунёда уммати муҳаммадиядан турли сабабларга кўра камбағал ҳолда ўтган мусулмонларга улкан хушхабардир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг сўзлари охирида:

«Фахр эмаску, мен аввалгилару охиргиларнинг энг мукаррамиман!» дедилар».

Бу гапда ҳеч қандай муболаға ёки фахрланиш ҳисси йўқ. Бори шу. Воқеълик шу. Аллоҳ таолонинг иродаси шу.

Фахр эмаску, мазкур фазилатга соҳиб бўлган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари ҳам аввалгию охирги умматларнинг энг афзалидир.

2792. Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Тавротда Муҳаммад ва Ийсо ибн Марям алайҳиссаломларнинг сифати ва Ийсонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан дафн қилиниши ёзилгандир».

Олтовини Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятнинг ровийлари Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу яҳудийларнинг олимларидан бўлганлар. Инсофли ва ҳақиқий олим бўлганларидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан, Тавротда васфи келган пайғамбар шу киши экан, деб у зотга иймон келтирганлар.

Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳунинг Исломлари гўзал бўлди. У киши энг машҳур саҳобийлар сафидан ўрин олдилар. Мана, ушбу ривоятда Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида Тавротда келган маълумот тўғрисида ахборот бермоқдалар:

«Тавротда Муҳаммад ва Ийсо ибн Марям алайҳиссаломларнинг сифати ва Ийсонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан дафн қилиниши ёзилгандир», демоқдалар.

Бундан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазллари яна бир бор намоён бўлади. Ўтган илоҳий китобларда у зотнинг сифатлари келиши олий мақом фазилат бўлмаса нима ҳам бўлар эди.

Шунингдек, бу ерда Ийсо алайҳиссаломнинг фазллари ҳам кўриниб турибди. У зотнинг сифатлари ҳам ўзларидан олдин Мусо алайҳиссаломга берилган илоҳий китоб Тавротда зикр қилинган экан. Бунинг устига яна бир қўшимча маълумот ҳам бор экан. Ийсо алайиссалом Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир жойга дафн қилинишлари бор экан. Бу дафн охири замон бўлиб, Ийсо алайҳиссалом ер юзига қайта тушганлари ва ўзларига юклатилган вазифаларни адо этиб қайтадан вафот этганларидан кейин Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳозирги равзаларида У зотнинг ёнларига дафн бўладилар.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари ўзларидан олдин келган илоҳий китобларда васф қилингани Қуръони Каримда ҳам зикр қилинган. Мисол учун Аллоҳ таоло «Соф» сурасида қуйидагиларни айтади:

«Ийсо ибн Мариям: «Эй, Бани Исроил, албатта, мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқлаш ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини бериш учун Аллоҳ сизларга юборган Пайғамбарман», деганини эсла. Қачонки у(Аҳмад) уларга ҳақ билан келган вақтда эса, бу очиқ-ойдин сеҳрдир, дедилар».

Ушбу оятда Ийсо алайҳиссаломнинг ўз умматларига айтган гаплари муҳим гаплар бўлиб, диний таълимотлардаги улкан масалаларни ўз ичига олади.

Биз учун ҳозирги мақомда керак масала: «...ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини бериш учун...» дейилган жумлададир.

Аҳмад Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларидир. Аҳмад, Муҳаммад ва Маҳмуд исмлари Пайғамбаримизга ном бўлиб, арабча шукр, мақтов маъносини англатувчи «ҳамд» сўзидан олингандир.

Ийсо алайҳиссаломнинг ушбу башоратлари Инжилда ҳам келган. Юҳанно Инжилида: «Агар менга муҳаббат қилсаларингиз, васиятларимни тутинглар: мен отадан сизлар билан абадий собит бўлиш учун Форқилатни талаб қиламан», дейилган. Лекин замон ўтиши билан роҳиблар кейинги нашрларда бу сўзнинг ўрнига бошқа сўз ишлатадиган бўлишган.

Замондошларимиздан устоз Аҳмад Нажжор ғарб олимларидан бири доктор Карлу Нилинудан «Форқилат»нинг маъноси нима? деб сўрасалар, у киши:

«Роҳиблар «мъази» деб айтишади» дебди.

Шунда устоз Нажжор:

«Мен роҳибдан эмас, балки юнон тили фан доктори Карлу Нилинудан сўраяпман», деб рад қилибдилар.

Фақат шу гапдан кейингина ажнабий доктор:

«Бу сўзнинг асл маъноси «кўп шукр» - ҳамд, дебди.

Сўнгра устоз Нажжор арабча «ҳамд» сўзининг «Аҳмад» шаклида ишлатилишига тўғри келадими? десалар, доктор Карлу:

«Ҳа», деб жавоб қилибди.

Бу мавзуъ маълум ва машҳурдир. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратлари аввалги илоҳий китобларда келгани ҳақида алоҳида китоблар ҳам ёзилган.

Буларнинг ҳаммаси Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг афзалликларини кўрсатади.

2793. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот билан қасамки, албатта, сиздан бирингизга бир кун келадики унда мени кўра олмас. Албатта, мени кўриши унинг учун аҳлидан ва улар ила бирга бўлган молидан ҳам маҳбуб бўлиб қоладир», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаи киромларига ўзларининг ғанимат эканларини баён қилмоқдалар, бир лаҳза бўлса ҳам суҳбатларини топиб қолишга тарғиб қилмоқдалар. Вақти келганда ўзларида бор нарсани сарф қилиб бўлса ҳам у зотнинг бир марта кўришга зор бўлсалар ҳам кўра олмасликларини эслатмоқдалар.

Дарҳақиқат, мўмин-мусулмон киши учун Муҳаммад мустафо алайҳиссаломнинг суҳбатларини топишдан ҳам каттароқ бахт бўлиши мумкинми? Саҳобаи киромлар бу бахтга сазовор бўлган улуғ инсонлардир. Улар одам боласи ичидаги энг афзал зот Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўриб у зотга иймон келтирган саодатманд инсонлардир.

Саҳобалик бахти ҳақида сўз кетар экан ҳар доим ёдимга ўтган азизларимиздан қилинган бир ривоят келади. Катта кишилардан биридан одамлар Муовия афзалми, Умар ибн Абдулазиз афзалми, деб сўрашибди.

Бу саволнинг сўралиш сабаби бор. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу саҳобий бўлсалар ҳам, халифаликлари ҳақидаги баъзи мулоҳазалар учун у кишининг ҳақларида одамлар ўртасида турли гаплар бўлган. Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳи тобеъин бўлсалар ҳам адолатли халифа бўлганларидан кўпчилик у кишини бешинчи одил халифа деб атаган.

Ҳалиги улуғ киши мазкур саволга, Умар ибн Абдулазиз Муовиянинг бурнидаги чангга арзимайди. Чунки Муовиянинг бурнига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқларидан чиққан чанг кирар эди, деб жавоб берган эканлар.

Ҳа, биродарлар, биз ана шундоқ афзал пайғамбарнинг умматларимиз. Бу билан қанчалар шодлансак арзийди. Фақат ўшандоқ зотга уммат бўлишдек улуғ бахтнинг тенги бўлсак бўлгани.

Биз юқорида ўрганган маълумотлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазллари ҳақидаги маълумотлар уммонидан бир томчи, холос. У зотнинг фазллари ҳақида оят ва ҳадислар жуда ҳам кўп. Уларнинг ҳаммаси ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафлари улуғлигини таъкидлайди.

Бас, шундоқ улуғ пайғамбарга уммат бўлган кишилар ўшал улуғ зотнинг ҳаётлари, сифатлари, қилган ишлари, ўз пайғамбарларига тегишли ҳар бир нарсани ўта аниқлик ва ихлос билан ўрганишлари лозим. Чунки у зотга тегишли ҳар бир нарса дину диёнат, иймон эътиқод, аҳкому шариатга тегишлидир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳар бир мусулмон учун ибрат ва ўрнакдир. Шунинг учун ҳам мусулмон уммати саҳобаи киромлардан тортиб ҳозирги кунимизгача бу ишни шараф ила адо этиб келмоқда.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига, сифатларига, айтган сўзлари ва қилган амалларига тегишли ҳар бир нарса атрофича ўрганилгандир. Ҳозирда ҳам янги илмий изланишлар олиб бориб янги қирралар очилмоқда.

Мусулмонларнинг ўз пайғамбарлари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларини ўрганиш учун олиб борган илмий изланишлари ўзининг ўта аниқлиги, ҳар бир ҳодиса, ҳар бир ҳаракат ва саканотнинг эътибордан четда қолмаслиги ила тарих илми соҳасида энг пок, энг ишончли ва энг беғараз саҳифалар очди. Бу нарса тарихчилик соҳасида катта инқилоб юз беришига сабаб бўлди.

Мусулмонлар тарихий маълумотларга бошқаларга ўхшаб ўз фикр ва мулоҳазаларини қўшмадилар.

Мусулмонлар бошқаларга ўхшаб тарихий маълумотларни тўри келган кишидан олмадилар. Улар фақатгина ҳадис ривоят қилиш шартига тўғри келган ўта ишончли, тақводор, зеҳнли ва одил кишиларнинг ривоятларинигина қабул қилдилар.

Ана шундоқ йўл билан дунёдаги энг улуғ зотнинг дунёдаги энг соф сийратлари вужудга келди.

Келгувси сатрларда биз ҳам ўша маълумотлардан фойдаланиб қўлимиздан келганича бу муборак сийратни қисқа бўлса ҳам баён қилишга уриниб кўрамиз. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ишда ёрдамчимиз бўлсин.

Юқорида ўтган ҳадиси шарифлардан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг энг афзал бандаси ва пайғамбари эканликларини ўргандик. Бу улкан ҳақиқатда заррача ҳам шубҳа йўқ. Шундоқ бўлганидан кейин ана ўша энг афзал зотнинг дунёга келишларига Аллоҳ таоло энг муносиб жамият, энг афзал макон ва энг афзал замонни танлашида ҳам заррача шубҳа бўлмаслиги керак.

Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари учун араб жамиятини энг муносиб деб топди. Бу жамият ўша вақтдаги энг жоҳил жамият эди. Чунки ул жамият ўз тарихида ёзиш-ўқиш, фан-маданият, илм-маърифат, ҳукми-давлат, дину-диёнат, қонун-қоида, тартиб-интизом деган нарсаларни билган эмас эди.

Агар мазкур омилларни ўзида мужассам қилган халқ ичидан охирги замон пайғамб

Категория: KITOBLAR | Joyladi: Web-Loving (28.06.2008)
Ko'rish: 2064
Hamma Izoxlar: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]