Ўша куни одамлар кўпгина одатдан ташқари ҳодисаларнинг шоҳиди бўлдилар; 1. Бутлар ларзага тушиб қимирлаб кетди. Баъзилари юз тубан ерга йиқилди. Чунки уларни йўқ этгувчи зот дунёга келган эди. 2. Маккадан бир нур зоҳир бўлиб Шомдаги қасрларни ёритиб юборди. Чунки бутун дунёга иймон нурини элтувчи зот дунёга келган эди. 3. Ҳишом ибн Урванинг таъкидлашича, ўша куни Маккада тожирлик қилувчи бир яҳудий қурайшликлар тўпланиб ўтирган жойга келиб: «Эй, қурайшликлар жамоаси, бугун сизларда бирор бола туғилдими, деган. Улар: «Билмадик», деганлар. Шунда ҳалиги яҳудий: «Аллоҳу Акбар! Аммо билмаган бўлсангиз, билинг! Сизга айтадиган гапимни яхшилаб ёдлаб олинг! Бугун ушбу охирги умматнинг набийси туғилди. Унинг икки кураги орасида аломат бор. Аломатнинг устида туклар бор», деди. 4. Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Етти-саккиз ёшдаги бола эдим. Кўрган эшитган нарсамга ақлим етар эди. Бир куни эрталаб Ясрибда бир яҳудий: «Эй, яҳудийлар жамоаси!!!» деб бақириб қолди. Унинг олдига тўпланишди. Мен эшитиб турибман, улар: «Шўринг қурғур, сенга нима бўлди?» дедилар. «Батаҳқиқ, бу кеча туғиладиган Аҳмаднинг юлдузи чиқди!» деди. 5. Махзум ибн Ҳонеъ ал-Махзумийнинг айтишича ўша куни Форс подшоҳи Кисронинг айвони ларзага келиб ўн иккита болахонаси қулаб тушган. Мажусийларнинг минг йилдан буён ўчмай турган оловлари ўчиб қолган. Баъзи бир кишиларга бу гаплар ғалатироқ туюлиши мумкин. Лекин бор ҳақиқат шу. Бу ҳодисалар турли тарихчилар томонидан, жумладан, мусулмон эмаслари томонидан ҳам ўрганиб чиқилган. Уларнинг бирортаси мазкур ҳодисалар муболаға эмаслигини тасдиқлаганлар. Буларнинг ҳаммаси Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келажакда ким бўлишларига ишорат эди. Омина янги туғилган гўдакнинг суюнчилик хабарини бериш учун Абдулмутталибга одам юбориб, сизга бир ғулом туғилди. Келиб унга бир назар солинг, деди. Эҳтимол бу билан янги куёвлик чоғида вафот этган ўғлининг куйитида ўртаниб юрган кекса отанинг кўнглига бир оз қувонч киришини истагандир. Абдулмутталиб қувончга тўлган ҳолида шошиб етиб келди. Мурғак набирасини қўлга олиб ўпди. Уни авайлаб кўтариб Каъбаи Муаззаманинг ичига олиб кирди. Аллоҳ таолога ҳамд айтиб дуои хайрлар қилди. Сўнгра набирасини «Муҳаммад» деб номлади. Араблар ичида бу ном тарқалмаган эди. Одамлар ҳайрон қолишди. 2797. Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга бешта исмни айтдилар; «Мен Муҳаммадман. Мен Аҳмадман. Мен Моҳийман, Аллоҳ мен ила куфрни маҳв этур. Мен Ҳоширман, Аллоҳ менинг икки қадамим олдига одамларни ҳашр этур. Мен Оқибман», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган. Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларининг асосий исмларига қўшиб яна тўртта сифатларидан келиб чиқадиган исмларини ҳам тилга олмоқдалар: 1. Муҳаммад. Бу муборак исмнинг луғавий маъноси ҳамд-мақтов айтилгандир. Араб тилининг хусусиятларидан келиб чиқиб тилшунос уламолар, айни шу сийғадан, Муҳаммад сийғасидан, мақтови тинмай янгиланиб турувчи деган маъно чиқади, дейдилар. Тарихчилар ривоят қилишларича, Омина онамиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳомиладорлик вақтларида туш кўрганларида болалари туғилгандан «Муҳаммад» деб номлашлари кераклиги айтилган экан. Шунингдек, Абдулмутталиб ҳам тушида ўз сулбидан одатдагидан бошқа улуғ мақомга сазовор бўладиган фарзанд туғилишига ишорат қилувчи ҳолатни кўрган экан. Икки тушнинг тасирида ва келиннинг гапига биноан Абдулмутталиб набирасини Муҳаммад деб номлаган экан. Тарихчиларнинг таъкидлашларича ўша вақтгача арабларнинг ичида фақат уч кишига Муҳаммад исмини қўйилган экан. Бир гуруҳ кишилар бир подшоҳнинг ҳузурида бўлишибди. У аввалги китоблардан хабардор экан. Подшоҳ суҳбат давомида Ҳижоз томондан Муҳаммад номли пайғамбар чиқишининг хабарини айтди. Меҳмонлар ичидан уч кишининг хотинлари ҳомиладор экан. Учовлари ҳам, хотиним ўғил туғса исмини Муҳаммад қўяман, деб ният қилибдилар. Уларнинг хотинлари ўғил туғибди. Фарзандларни яхши ният билан Муҳаммад деб номлабдилар. Улар қуйидаги кишилар эканлар; Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Мужошеъ, Муҳаммад ибн Аҳижжа ал-Жаллоҳ ва Муҳаммад ибн Ҳимрон ибн Робийъалар. 2. Аҳмад. Бу муборак исмнинг маъноси кўп ҳамд айтувчидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолога кўп ҳамд айтишларига ишорат. Аввалги самовий китоблардаги башоратларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни фақат манашу, Аҳмад исмлари келган. 3. Моҳий. Бу исмнинг маъносини Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари «Мен Моҳийман, Аллоҳ мен ила куфрни маҳв этур» деб баён қилиб бермоқдалар. Биз маҳв этишни ҳозирги пайтдаги кўпроқ ишлатиладиган маъносини оладиган бўлсак, ўчириб ташлаш маъноси тўғрироқ келса керак. Яъни, Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ила куфрни ўчириб ташлайди. 4. «Мен Ҳоширман, Аллоҳ менинг икки қадамим олдига одамларни ҳашр этур». Яъни, Аллоҳ таоло қиёмат куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадамлари олдига ҳашр майдонида халойиқни тўплайди. 5. Оқиб. Бу муборак исмнинг маъноси ортдан келувчи деганидир. Чунки Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма пайғамбарларнинг ортидан охирги пайғамбар бўлиб келганлар, у кишидан кейин ҳач пайғамбар келмайдир. 2798. Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўзларини бир неча исмлар ила номлар эдилар; Мен Муҳаммадман, Аҳамадман, Муқаффийман, Ҳоширман, Набийюрроҳма, Набийюттавбаман», дер эдилар». Муслим ривоят қилган. Шарҳ: Бу ривоятда аввалда зикр қилинмаган учта исм зикр қилинмоқда: 1. Муқаффий. Бу муборак исмнинг маъноси ҳам орқадан келувчи бўлиб Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўнгги пайғамбар эканликларини англатади. 2. Набийюрроҳма. Бу муборак исмнинг маъноси раҳмат пайғамбари дегани. 3. Набийюттавба. Бу муборак исмнинг маъноси тавба пайғамбари деганидир.
|