Главная | Регистрация | Вход
-:::_-Islomiy Saxifa-_:::-
Saxifalar
Ilomiy Saxifalari
Islom Dini Haqida [4]
Islomiy Dunyo [5]
Islomiy Harhil Videolar [18]
Mashxur Qorilar Qiroati [0]
KITOBLAR [5]
Mo'jizalar [5]
Hadisi Sharif [2]
Siz Kim???
Приветствую Вас MexmoN
IzlasH
DiqqaT !!! DiqqaT !!!

Diqqat!
Agarda kimda kinolar ko'rsatmasa! U holda Online kinolarni ko'rishlik uchun Mozilla Firefox yoki Opera dan foydalaning va albatta kinolarni muammosiz ko'rish sharafiga ega bo'lasiz!! 

Внимание!
У кого не загружаются фильмы, скачиваем и устанавливаем браузер  Mozilla Firefox или Opera через него все работает!!
Statistika

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Mini-ChaT
200
Bosh Saxifa » Статьи » KITOBLAR

ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ТУҒИЛИШЛАРИ, НАСАБЛАРИ ВА ИСМЛАРИ
ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ТУҒИЛИШЛАРИ, НАСАБЛАРИ ВА ИСМЛАРИ

2794. Қайс ибн Махрама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фил йили туғилганмиз».

2795. Усмон ибн Аффон Қубоса ибн Ашям ибн Лайс розияллоҳу анҳудан:

«Сен каттамисан, Расулуллоҳми?» деб сўради.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан катталар. Мен у кишидан туғилишда қадимгироқман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фил йили туғилганлар. Онам мени маконига кўтариб борганда филнинг ўзгариб кетган яшил тезагини кўрганман», деди».

Иккисини Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу икки ривоятда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фил йилида таваллуд топганлари таъкидланмоқда. Арабларда тарихни йилнинг машҳур ҳодисаси билан белгилаш одати бўлган эди. Фил ҳодисаси энг машҳур ҳодисалардан бўлган эди.

Ўша машҳур қиссанинг мухтасари қуйидагича:

Ҳабашистон (Эфиопия) Яманни босиб олгандан сўнг, Ҳабашистон подшоси Яманга Абриҳа ал-Ашрам исмли шахсни ҳоким этиб тайинлади. Абриҳа барча ҳабашистонликлар қатори насроний динида эди. У Яман пойтахти Санъо шаҳрида жуда дабдабали, серҳашам черков қурдириб, унга «ал-Қалийс» деб ном берди. Арабларни Каъбадан буриб ўз черковига ҳаж қилдирмоқчи бўлди. Барча уринишлари пучга чиққандан сўнг ниятига куч ишлатиш йўли билан эришмоқчи бўлди.

Абриҳа Каъбани бузиб ташлаб ҳаммани ўз черковига буришни қасд қилди. Шу мақсада катта аскар тўплади, урушга керак бўладиган барча нарсаларни олди, арабларнинг қалбига даҳшат солиш учун кўплаб филларни ҳам олди ва Маккага қараб юрди. Йўлда ҳеч қандай қаршиликка учрамай Тоиф шаҳри тарафидан Маккага яқинлашиб, ал-Миғлас деган жойга аскари билан келиб тушди.

Сўнгра Маккага одам юбориб, у ернинг улуғини олиб келишга буюрди. У бориб Қурайш қабиласи раҳбари, улуғи Абдулмутталибни етаклаб келди. Абдулмутталиб гавдали, хушбичим, серсавлат, виқорли одам эди.

Абриҳа уни кўриб қойил қолди ва тахтидан тушиб унга пешвоз чиқди. У билан бирга гилам устида ўтирди ва таржимонга:

«Сўрагин, менда нима ҳожати бор экан?» деди.

«Аскарлар менинг икки юзта туямни ҳайдаб кетишибди, шуларни қайтариб берсанг», деди Абдулмутталиб.

Абриҳа таржимонга:

«Унга айт! Келганингда сени кўриб қойил қолган эдим. Сўзингни эшитиб ҳафсалам пир бўлди, сенинг ва ота-боболарингнинг дини бўлган Каъбани бузгани келиб турибман-у, сен уни сўрамай, ўзингнинг икки юзта туянгни сўраяпсан», деди.

«Мен туянинг эгасиман, Каъбанинг ўз эгаси бор, ҳимоя қилиб олади», деди Абдулмутталиб.

«Мендан ҳимоя қилолмас», деди Абриҳа.

«Ўз билганингни қилавер», деди Абдулмутталиб.

Унга туяларини қайтариб беришди. Абдулмутталиб Маккага қайтиб одамларни тоққа чиқиб кетишга буюрди. Ўзи бир неча киши билан Каъбага борди ва ҳалқасини ушлаб туриб, илтижо қилиб дуо қилди. Сўнгра улар ҳам тоққа чиқиб кетишди.

Абриҳа аскару филларини тўплаб Каъбани бузишга юрмоқчи бўлди. Лекин филлар ётиб олиб ҳеч ўринларидан турмади. Бошқа тарафга буришса фил тезлаб борди, лекин яна Макка тарафга буришса, ётиб олаверди.

Шу пайт Аллоҳнинг иродаси билан тўп-тўп қушлар учиб келиб, душманлар устидан тош ташлай бошлади. У тошлар кимга тегса шу жойида ўлаверди. Аскар қирилди. Абриҳанинг жасади узилиб-узилиб туша бошлади. Уни кўтариб Санъогача олиб боришди ва ўша ерда вафот этди.

Худди ана шу йили Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам оналининг қорниларида эдилар. Демак, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналарининг қорниларида ҳомила ҳолида туришларининг ўзи Абриҳанинг аскари ҳалокатига сабаб бўлган. У зот баракали зотлигини шундан ҳам билиб олса бўлаверади.

Душманлар ҳалокатга учрагандан кейин Аллоҳ таоло ирода қилган нур порлаб дунёга келди. Ушбу нур қуйидаги ривоятда зикри келадиган пок насабдан туғилди.

2796. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари; У зот - Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Қусай ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луъай ибн Ғолиб ибн Феҳр ибн Малик ибн ан-Назр ибн Кинана ибн Хузайма ибн Мудрика ибн Илъяс ибн Музар ибн Низар ибн Маъдд ибн Аднан».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари бўйича барча тарихчилар ва насабчилар иттифоқ қилган боболар шулардир. Кейинги насаблари Исмоил алайҳиссаломга бориб тақалиши ҳам аниқ.

Ривоятларда келишича Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам ушбу силсилани зикр қилиб кейин бир оз сукут қилганлар ва, «бундан кейин насабчилар гар ростни айтсалар ҳам ёлғондир», деганлар.

Ушбу ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболаридан йигирма кишининг номлари зикр қилинмоқда. Аввал ўрганганимздек у зотнинг насаблари олий насабдир. Аллоҳ таолонинг инояти ила пок сақланган насабдир. Энди ўша олий насаб силсиласига аввал бошидан бир назар солиб чиқайлик.

1. Аднан.

Мазкур йигирма бобонинг биринчиси бўлган бу зот бошқалари каби Маккаи Мукарамада истиқомат қилганлар. Чунки у киши ҳам Каъбаи Муаззамани қурувчиси Исмоил алай-ҳиссаломнинг сулоласидандир.

Аднаннинг икки ўғли бўлган экан. Бири Маъдд, иккинчиси Акк. Иккинчи ўғил Яманнинг ашъарийлар қабиласидан уйланиб аёли билан унинг оталари юрти Яманга кетган экан.

2. Маъдд.

У эса отаси Аднан билан Маккаи Мукарамада истиқомат қилган. Маъдднинг ўғилларидан бирининг исми Қузоъа бўлган. Ўша ўғилдан машҳур Қузоъа қабиласи тарқалган.

Маъдднинг отасининг ўрнини босиб Маккаи Мукарамада истиқомат қилиб қолган ўғли Низар эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари силсиласига кириш бахтига муяссар бўлган.

3. Низар.

Низарнинг Робийъа, Анмар ва Ияад номли ўғиллари кейинчалик ўз номлари билан аталадиган қабилаларга ота бўлганлар.

Унинг Маккаи Мукарамада истиқомат қилиб, отасининг эшигини очиб қолган ўғли Музар ҳам ўз номи билан аталадиган қабилага ота бўлиш билан бирга Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари силсиласига кириш бахтига ҳам муяссар бўлган.

4. Музар.

Бу кишининг икки ўғли бўлиб, бири Илъяс, иккинчиси Ғийлан бўлган.

Икковининг ичида Илъяс яхшиси бўлган. Шунинг учун ҳам Илъяс Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаб силсилаларидан ўрин олган.

5. Илъяс.

Илъяснинг вақтида одамларнинг Иброҳим ва Исмоил алай-ҳиссаломларнинг шариатларидан оғишлари пайдо бўлган экан. Шунда Илъяс уларни бу нотўғри йўлдан қайтариб қолган экан.

Илъяснинг учта ўғли бўлиб улардан бирининг исми Омир экан. Бир куни Илъяснинг туялари қочиб кетибди. Уларни топа олмай жуда қийланибди. Охири ўғилларини туяларни топиб келишга юборибди. Икки ўғил ҳач нарсани топа олмай қайтиб келибдилар. Омир эса ҳамма туяларни топиб отасининг олдига ҳайдаб келибди.

Шунда Омирга «Мудрика»-топқир деган лақаб беришибди. Кейинчалик унинг лақаби исмидан ғолиб бўлиб кетибди. У ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаб силсилаларидаги боболари сафидан ўрин олиш бахтага муяссар бўлган.

6. Мудрика.

Мудриканинг Хузайма ва Ҳузайл номли ўғиллари бўлган. Улардан Хузайма Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлиш бахтига эришган.

7. Хузайма.

Хузайманинг тўрт ўғли бўлиб улар; Кинона, Ашудд, Ашудда ва ал-Ҳувн деб номланганлар.

Уларниг ичидан Кинона Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари силсиласига қўшилиш бахтига муяссар бўлган.

8. Кинона.

Кинонанинг ҳам бир неча ўғиллари бўлган. Аммо Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам сулбидан ўтиш бахтига сазовор бўлгани ан-Назр деб номланган.

9. Ан-Назр.

Ан-Назрнинг ҳам ўғиллари кўп бўлган. Аммо уларнинг ичида энг яхшиси Феҳр эди. Ана ўша Феҳр Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлди.

10. Феҳр.

Ушбу Феҳр Қурайш қабиласининг асосчиси ҳисобланади. Унинг яна бир номи Қурайш ҳам эди. У олий ахлоқли, ҳикматли бир киши эди. У ўз вафоти олдидан ўрнига қабила бошлиғи бўлиб қоладиган ўғли Ғолибга ажойиб насиҳатларни қилган.

11. Ғолиб.

Ғолиб ҳам отасига ўхшаш ҳикмат соҳиби эди. У ўз қабиласига ҳикмат ила раҳбарлик қилди. Унинг ўғилларидан Луъай ҳам отаси ва бобосига ўхшаш фарзанд чиқди. У ёшлигиданоқ ҳикмат соҳиби эканини намойиш қилди. Ғолиб билан ўғли Луъайнинг ҳикмат бобида қурган суҳбатлари ривоятларда сақланиб қолган. Луъай Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлиш бахтига ҳам сазовор бўлди.

12. Луъай.

У эр киши мақомига етганда ўз отасинин ўрнини эгаллади. Луъайга Аллоҳ таоло бир неча фарзандлар ато қилди. Уларнинг ичида Каъб ҳаммасидан ақлли ва афзали эди. У ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлди.

13. Каъб.

Каъб ҳам оталарига ўхшаб ҳикмат соҳиби бўлди. Унинг кишиларга сўзлаган ваъз-насиҳатларини ривоятчилар ҳозиргача етказиб келганлар.

Каъбнинг болалари ичидан Мурра исмли ўғли яхши чиқди ва Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлиш ўшанга насиб этди.

14. Мурра.

Мурра Қурайш қабиласининг фахрига айланган кишилардан бири эди. Мурранинг ўғилларидан Килобнинг сулбига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтдилар.

15. Килоб.

Килоб ҳам ўз вақтининг етук кишиларидан эди. У икки ўғил фарзанднинг отаси бўлди. Унинг ўғиллари ичида энг яхшиси, кўзга кўрингани, сўзга устаси ва уддабурони Қусай эди. Иккинчи ўғил эса Зуҳра эди. Буларнинг иккиси ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлдилар. Зуҳра она тарафдан бобо бўлди. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналар шунинг учун ҳам Оминаи Зуҳрия деб номланадилар. Қусай ибн Килоб бўлса Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ота томондан бобо бўлди.

16. Қусай.

Қусай болалик пайтини онасининг ҳузурида Қузоъа қабиласида ўтказди. У кучли, карамли ва орият-номусли йигит бўлиб етишди. Кунлардан бир куни ўз тенги бир йигит билан олишувда ғолиб келди. Енгилган аччиғига чидай олмай Қусайга, «сен биздан эмассан, ўз қавмингга кетсанг бўлмайдими?!» деди. Бу гап Қусайнинг жон-жонидан ўтиб кетди. Ўша пайтгача у ўзини бегона эканини билмаган эди. У онаси ҳузурига бориб бу–ҳақда шикоят қилди. Онаси унга, болам, Аллоҳга қасамки, сен ота жиҳатидан ҳам, насаб жиҳатидан ҳам, шарафу мартаба жиҳатидан ҳам ундан кўра яхшисан. Сен Ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луъай ибн Ғолиб ибн Феҳр ибн Малик ибн ан-Назр ибн Кинана Қурайшийсан. Сенинг қавминг Маккада, Байтул ҳаромнинг ҳузури ва атрофида. У ерга барча араблар зиёратга боради, деди.

Шунда Қусай сафарга чиқишга қарор қилди. Онаси унга, болам, шошмай тур, шаҳрул ҳаром кирсин, ўшанда ҳожи араблар билан кетасан. Бўлмаса йўлда сенга бир нарса бўлишидан қўрқаман, деди.

Шаҳрул ҳаром келганда Қусай ҳаж сафарига чиқди ва бориб отасининг қавмига қўшилди. У ўта кучли ва келишган қоматли эди. Кўп ўтмай Байтул ҳаромнинг мутасаддилигини эгаллади. Ундан олдин бу шарафли иш қурайшликларга эмас, қузоъаликларга насиб этган эди. Қусай ўзининг ўткир идроки, тадбиркорлига ва қувватини ишга солиб ҳаж ишларига ҳам бошлиқ бўлиб олди.

Шундоқ қилиб Қусай ҳамма шарафли ишларни ўзиники қилиб олди. У Байтуллоҳга мутасадди бўлди. Бу улуғ даргоҳ учун нима иш қилинадиган бўлса фақат у билан битадиган бўлди. Қусай Макканинг амири ҳам эди. Каъбаи Муаззаманинг калитларига ҳам соҳиб бўлди. Каъбаи Муаззамани фақат угина очар эди. Шунингдек ҳожиларга сув бериш шарафи ҳам Қусайга ўтди. Ҳожиларнинг муҳтожларини боқиш иши-рифода ҳам Қусайнинг ихтиёрига ўтди. Бунинг учун у ҳар йили қурайшликлардан харож олар ва ҳожиларга таом тайёрлаб тутар эди. У бу ҳақда қурайшликларга қуйидаги хутбани қилган эди:

«Эй, Қурайш жамоаси! Албатта, сизлар Аллоҳнинг қўшнисисизлар! Унинг аҳли байтисизлар! Аҳли ҳарамсизлар! Албатта, ҳожилар Алоҳнинг меҳмонлари ва У зотнинг уйининг зиёратчиларидир. Улар муҳтарам меҳмон бўлиш учун энг ҳақли одамлардир. Бас, улар учун қайтиб кетгунларича таом ва шароб ажратинг!»

Шунингдек Қурайш қабиласи бирор уруш учун байроқ тикмоқчи бўлса ҳам фақатгина Қусай тикиши мумкин эди. Яъни, ҳамма нарса унинг қарори билан бўлар эди.

Арабларнинг доруннадваси-маслаҳат кенгаши ҳам Қусайнинг уйида бўлар эди. Қусайнинг асл исми Зайд эди. Аммо у Қусай лақабини олган эди. Кейинчалик лақаби исмидан ғолиб бўлиб кетган. Қусай вафотидан олдин ҳамма ишларини ўз ўғли Абдуддорга топширди.

Шу ерда Қусай ўз ота-боболаридан кўра бошқача иш тутди. Аввал танишиб ўтганимиздек бу силсиладаги барча оталар раҳбарликни ўзининг энг қобилиятли ўғлига топшириб келган эидлар. Аммо Қусай ўзининг икки ўғлидан қолоқроғига бошлиқликни топширди. Бу билан у нотавон ўғлининг шанини бир оз кўтармоқчи бўлди. Чунки бошқа ўғли Абдуманоф отасининг тириклигидаёқ юқори даражаларга эришиб бўлган эди. Худди манашу Абдуманоф Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлди.

17. Абдуманоф.

Аллоҳ таоло Абдуманофга тўрт ўғил берди. Улар; Абдушшамс, Ҳошим, Мутталиб ва Навфаллар эди. Бу тўрт ўғилнинг барчаси шарафли ва ўз қадрини билган кишилар эди. Улар боболари Қусайнинг амакилари Абдуддорга бошлиқликнинг ҳаммасини топшириб қўйишига индамай қараб туришмади. Бу ишларда бизнинг ҳам ҳаққимиз бор деб талаша бошладилар. Орада уруш чиқиш хавфи туғилди. Шунда баъзилар сулҳ орқали келишувга чақирдилар. Узоқ тортишувлардан кейин мансаблар орада тақсим қилинди. Абдуманофнинг болалари чекига ҳожиларга шароб ва таом бериш тушди. Каъбанинг калиди, байроқ ва доруннадва Абдудор болаларига тегди.

Ҳошим Абдуманофнинг ўғиллари ичида энг яхшиси эди. Унинг обрўси араблар ичида жуда ҳам юқори эди. У ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлиш шарафига эришди.

18. Ҳошим.

Ушбу Ҳошимнинг ўрнига унинг ўғли Абдулмутталиб қолди.

19. Абдулмутталиб.

Абдулмутталибниг онаси Ясриб шаҳрилик бўлиб Бани Нажжор қабиласига мансуб аёл эди. Абдулутталиб ҳам ўша шаҳарда ўсди. У дорулғурбада тарбия топди. Кейинчалик уни амакиси Мутталиб Маккага олиб келиб ўз тарбиясига олди. У доимо амакиси ва тарбиячиси Мутталиб билан бирга юргани учун Абдулмутталиб деб номланиб қолди.

Абдулмутталиб ўз шахсининг кучлилиги, ҳусни хулқи ва кечирувчилиги билан Қурайш қабиласини ром этди. Аста секин уларга раис бўлди. У қабиланинг ёшларига ота, қариларига биродар бўлди. Абдулмутталибсиз Маккада бирор иш бўлмайдиган, бирор қарор қабул қилинмайдиган ҳолга келди.

Бир вақтлар Журҳм қабиласи Маккага ҳужум қилиб Замзам қудуғини кўмиб ташлаган эди. Қудуқ узоқ йиллар кўмилган ҳолида қолиб кетган эди. Абдулмутталиб ўша қудуқни қайта ковлаб сув чиқарди. Бу ишни қилишига эса Аллоҳ таолонинг Ўзи илҳом берган эди. Абдулмутталиб бир куни Каъбаи Муаззаманинг ёнида ухлаб ётганида тушида биров келиб:

«Тийбани ковла», деди.

«Тийба нима?» деди Абдулмутталиб.

Сўнгра ҳалиги овоз эгаси ғоиб бўлди. Эртасига яна ўша жойда ухлаб ётганида кечаги шахс тушига кириб:

«Баррани ковла», деди.

«Барра нима?» деди Абдулмутталиб.

Сўнгра ҳалиги овоз эгаси ғоиб бўлди. Эртасига яна ўша жойда ухлаб ётганида кечаги шахс тушига кириб:

«Мазнунани ковла», деди.

«Мазнуна нима?» деди Абдулмутталиб. Сўнгра ҳалиги овоз эгаси ғоиб бўлди. Эртасига яна ўша жойда ухлаб ётганида кечаги шахс тушига кириб:

«Замзамни ковла», деди.

«Замзам нима?» деди Абдулмутталиб.

«У ҳеч қуримас ва ёмонланмас. Кўп ҳожиларни суғорур. У тезак ва қон бор жойда. Қарға ер чўқиётган жойда. Чумоли бор жойда», деди.

Абдулмутталиб уйқусидан туриб бориб одамлар ҳайвонларини сўядиган жойни, ҳозирги Замзам қудуғи ўрнини, топди. У ерда қарға ер чўқиб турар, чумоли ғиззиллаб юрар эди.

Абдулмутталиб ўша ерни қазий бошлади. Ўша пайтда фақат биргина ўғли, ал-Ҳорисгина бор эди. Ўзи ёлғиз оғир ишни амалга оширишда жуда қийланди. Лекин бор кучини ишга солиб, тишини-тишига босиб жон-жаҳди билан ер қазиди. Унинг учун бу ишнинг охири кўриниши, сув чиқиши қийинга ўхшаб кетди.

Ўшанда ўзига ёрдам берадиган ўғиллари йўқлигидан ўксиди. Агар Аллоҳ таоло менга ўн дона ўғил берса улардан бирини Унинг йўлида қурбонлик қиламан, деб назр атади.

Аммо Абдулмутталиб азиматли инсон эди. У мақсади йўлида ҳар қандай ишни қилишга, ҳар қандай машаққатга дош беришга одатланган эди. Шунинг учун ҳам унга ўзининг ёлғизлиги ҳам, ишнинг оғирлиги ҳам таъсир қилмади. Ҳеч бўшашмай ер ковлашда давом этди. Қурайшликлар эса, қани нима бўлар экан, деб узоқдан кузатиб турар эдилар.

Абдулмутталиб сувни кўрганда, «Аллоҳу акбар!» деб такбир айтди. Қурайшликлар уни ўз мақсадига эришганини англадилар. Абдулмутталиб қазишда давом этиб қудуқ атрофидан Исмоил алайҳиссаломдан қолган табаррук нарсаларни ҳам бирин-кетин топа бошлади. У ҳар бир нарсани топганда такбир айтар эди. Қурайшликлар эса уни яна бир нарсага эришганини билишар эди.

Абдулмутталиб Замзамни қайта ковлаб битирганидан кейин қурайшликлар унга эгалик қилишда шерик бўлмоқчи бўлдилар. Улар Абдулмутталибга, «Бу Исмоилнинг қудуғи, шунинг учун унга эгалик қилишда биз ҳам сенга шерик бўлишимиз керак», дедилар.

Абдулмутталиб эса бўш келмади. Буни менинг ўзим қазидим, менинг ўзим эгалик қиламан, деди.

Қурайшликлар Абдулмутталибнинг яхшилигини билганларидан, ўзларига ҳам Замзамдан фойдаланишга ижозат беришига ишонганларидан гапларидан қайтдилар.

Дарҳақиқат, ҳаммалари Замзам сувидан ичиб, баракасидан баҳраманд бўлдилар. Ҳаммалари бу ишдан хурсанд бўлдилар. Ўзларига иззат ва каромат қайтиб келганидан манун бўлдилар. Чунки, Замзам Исмоил алайҳиссалом, у кишиниг оталари Иброҳим алайҳиссалом ва оналари Биби Ҳажарларга тегишли нарса эди. У зотлар эса арабларнинг фахри эди.

Ана шундоқ тарзда Абдулмутталибнинг обрў эътибори кундан кунга ортиб бораверди. Аллоҳ таоло унга кўп нарсаларни, жумладан, ўнта ўғил ато қилди. Ўғиллар кўзга кўриниб қолганда Абдулмутталиб ўзи қилган назрга вафо қилишни, ўғилларидан бири қурбонликка сўйишни ирода қилди.

Лекин ўн ўғилдан қайси бири сўйишини билмай қийланди. Охири қуръа ташлаб кимга чек тушса ўшани қурбонлик қилишга қарор қилди. У ўғилларини бир жойга жамлади. Уларга ўзининг атаган назри ҳақида хабар берди. Қуръа улардан кимга чиқса ўшани қурбонликка сўйишини айтди. Болалари итоат ила рози бўлишди.

Абдулмутталиб уларни ҳаммасини Каъбаи Муаззаманинг ичига олиб кирди. Ҳар бирига бир варақдан қоғоз бериб, ҳар ким ўз исмини ёзсин, деди. Ўғиллар оталарининг амрини бажардилар.

Сўнгра Абдулмутталиб қуръа ташловчи мутахассисни чорлади. У келиб қуръа ташлаган эди Абдуллоҳнинг чеки чиқди.

Абдуллоҳ Абдулмутталиб учун ўз ўғиллари ичида энг эркаси ва энг маҳбуби эди. Лекин шундоқ бўлса ҳам қуръа Абдуллоҳга чиққандан кейин отаси уни сўйишга таёрлана бошлади.

Бу хабар зудлик билан атрофга тарқалди. Аҳли Макка шиддатла тезлаб етиб келганларида Абдулмутталиб ўғлини сўймоқ учун астойдил пичоқ қайрамоқда эди. Қавм унга юзланиб:

«Нима қилмоқчисан! Эй, Абдулмутталиб!» деб қичқирди.

«Уни сўймоқчиман», деди пичоқни қайрашда давом этиб Абдулмутталиб. Одамларнинг эс ҳушлари учиб кетди. Абдулмутталибнинг ўғиллари ҳам унга бўлган итоатларидан айниб кўпчиликка қўшилдилар. Лекин бир сўзлиги билан ном қозонган қайсар чолнинг ўз ниятидан қайтгиси йўқ эди. Охири қурайшликлар ва улар билан бирга Абдулмутталибнинг ўғиллари, уни сўймайсан, деб қасам ичдилар. Бу иш кўпгина ёмонликларга сабаб бўлишини айтиб туриб олдилар. Улар:

«Уни зинҳор сўймайсан. Назрингга амал қилмасликка узр ахтар. Агар сен бу ишни қилсанг, бошқалар ҳам ўғлини қурбонликка сўйишга одатланади. Унда одам қолмайди, ахир!» дедилар.

Абдулмутталибнинг синглисининг қизи ҳам унга:

«Аллоҳга қасамки, уни сўймайсан! Назрингга амал қилмасликка узр ахтар. Агар унинг ўрнига фидя бериш лозим бўлса молу мулкимизни унинг учун фидо қиламиз», деди.

Шундан кейингина Абдулмутталиб бир оз юмшади. Аҳли Ҳижоздан бўлган бир аррофа-фолбин аёлнинг олдига бориб маслаҳат сўрадилар. У ўнта туяни бир томонга Абдуллоҳни бир томонга қўйб қуръа ташлашни, қуръа туяларга чиқса уларни сўйишини, Абдуллоҳга чиқса яна ўнта туя зиёда қилиб қайта қуръа ташлашни, то қуръа туяларга чиқмагунча уларнинг сонини ўнтадан ошириб қайтадан қуръа ташлайверишни маслаҳат берди.

Бу маслаҳат қавмга ёқиб тушди. Абдуллоҳни бир томонга ўн туяни бир томонга қўйиб қуръа ташладилар. Қуръа Абдуллоҳга чиқди. Туяларнинг сонини ўнтага ошириб қайта қуръа ташладилар. Қуръа Абдуллоҳга чиқди. Туяларнинг сонини яна ўнтага ошириб қайта қуръа ташладилар. Қуръа Абдуллоҳга чиқди. Шундоқ равишда давом этиб бориб туяларнинг сони юзтага етганда қуръа туяларга чиқди. Қурайшликлар хурсанд бўлиб:

«Ана. Энди иш битди. Эй, Абдулмутталиб, Роббинг фидяга рози бўлди», дейишди.

Абдулмутталиб эса ишонмай яна қайтадан қуръа ташлатди. Яна қуръа туяларга чиқди. Учинчи бор ҳам қуръа туяларга чиққандагина Абдулмутталибнинг кўнгли ўрнига тушди. У юз туяни сўйиб элга тарқатди.

Пайғамбари охири замон алайҳиссаломга ота бўлажак Абдуллоҳнинг номи шу тариқа эл юртга тарқалди.

20. Абдуллоҳ.

Аҳли Макка барчаси ҳимоясига турган Абдуллоҳ номли йигит ким ўзи? Аҳли Макка бор будурини унинг учун фидо қилишга тайёрлигини эълон қилган Абдуллоҳ отли йигит ким ўзи?

Абдуллоҳ Қурайшнинг бошлиғи Абдулмутталибнинг ал-Ҳорис, аз-Зубайр, Ҳамза, Зирор, Абу Толиб (Абду Маноф), Абу Лаҳаб (Абдулуззо), Абдулкаъба, ал-Муғийра ва Навфал исмли ўғилларидан кейин туғилган энг кежа, эрка ва маҳбуб ўғлидир.

У Қурайшнинг ёшлари ичида энг кўркам ва маҳбуби эди. Абдуллоҳ хушхулқли ва босиқ-вазмин йигит бўлиб ўсди. У турли қийнчиликларга доим тайёр туришни отасидан ўрганди. Шунинг учун ҳам назрга вафо қилиш учун отаси уни сўядиган бўлиб қолганда бу ишни бемалол қабул этди. Бу ишда у ўзининг катта бобоси Исмоил алайҳиссаломдан ўрнак олди. Ўзидаги олиймақом сифатлари туфайли Абдуллоҳ ҳамманинг муҳаббатини қозонган эди. Шунинг учун ҳам отаси уни қурбонликка сўймоқчи бўлганда ҳамма бу ишга қарши чиқиб уни ҳимоя қилди.

Абдуллоҳнинг ишқида ўз қавмининг қизлари куйиб ёнар эдилар. Баъзи шошганлари унинг йўлини тўсишдан ҳам тоймас эдилар. Аммо Абдуллоҳ ҳаром ишга мутлақо яқинлашмас эди. У доимо пок яшашни хоҳлар эди. У келажакда сулбидан охири замон пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиши лозим бўлган зот эди.

Абдуллоҳ вояга етганда отаси унга муносиб келин топиш пайига тушди. У ўғлига қаллиқ излаб Маккадаги оилаларнинг қизларини саралай бошлади. Охири ўз хотинларидан бири Ҳоланинг (Ҳамзанинг онаси) амакисининг қизи Оминани маъқул топди.

Абдуллоҳнинг отаси Абдулмутталиб Бани Қусайнинг улуғи бўлганидек, Оминанинг отаси Ваҳб ҳам Бани Зуҳранинг улуғи эди.

Оминанинг ўзи ҳам ўша пайтда яқин орада олдига тушадиган бирор қиз йўқ бўлиб ўсган эди. Уни келин қиламан деганларнинг саноғига етиб бўлмас эди.

Омина ўта одобли, ўта сабрли ва ўта гўзал бир қиз эди. Унинг ҳақидаги хабарларга қараганда Омина худди Биби Мариямнинг сифатларига эга эди. Қисқасини айтиладаган бўлса, Омина ўша вақтнинг ҳамма жиҳатдан устун бўлган қизи эди.

Аллоҳ таоло Ўзининг охирги пайғамбарини ана шундоқ ажойиб васфга эга бўлган икки улуғ ва пок наслнинг вакили ва вакиласи бўлган ота ва онадан дунёга келишини ирода қилди. Абдуллоҳ ва Оминанинг оила қуришларини таъминлади.

Бу икки ёшнинг тўйларидан кўп ўтмай янги куёв ўз қавмига керакли хизмат юзасидан, хурмо олиб келиш учун отасининг тоғалари юрти Ясрибга жўнаб кетди. Абдуллоҳ кўп ўтмай ўша ерда вафот қилди.

Ўша пайтда Оминаннг хайри халққа ҳомиладор бўлганига кўп бўлгани йўқ эди. Ўн гулидан бир гули очилмаган ёш келин ҳомиладор ҳолида маҳбуб эридан ажраб бева қолди.

Категория: KITOBLAR | Joyladi: Web-Loving (28.06.2008)
Ko'rish: 1778
Hamma Izoxlar: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]